Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Машҳурлар ҳаётидан: юморга чанқоқ Альберт Эйнштейн
Чинакам даҳо, илм-фан оламининг етук вакили бўлган Эйнштейн ўзининг юмор ҳиссига чанқоқлиги билан ҳам ажралиб турган. Бугунги мақолада Эйнштейн ҳаётида рўй берган турли ҳодисалар ва унинг доно фикрлари ҳақида сўз боради.
“Ёшлигимда оёғимнинг бош бармоғи эртами кечми пайпоғимни тешиб чиқишини пайқаб қолдим. Шу-шу пайпоқ киймай қўйдим”. Ҳа, худди шундай! Бутун умр пайпоқ киймай юргани олимнинг ғалати одатларидан биридир;
Эйнштейн шундай деганди: “Мувафаққият уч қисмдан ташкил топади: омад, ўйин ва тилни тийиш!”. Тилни тийишни маслаҳат берган олимнинг энг машҳур суратида эса у тилини чиқарганча турибди. Бу сурат илм-фан оламида ҳам ўзига хос қувноқлик борлигига ишора эканлигини олимнинг ўзи таъкидлаган. Сурат 1951 йил 14 март (Альбертнинг туғилган куни) да туширилган;
Альберт Эйнштейн топишмоғи бутун дунёда машҳурликка эга. Ажабланарлиси, бу жумбоқ айнан Эйнштейн томонидан ўйлаб топилгани ҳақида ҳеч қандай аниқ маълумот йўқ;
Бир сафар Эйнштейн поездда кетаётиб, қорни очади. Вагон-ресторанга киргач, менюни ўқий олмайди, чунки кўзойнаги ўзида эмасди. Официантга юзланиб, менюни ўқиб беришни сўраганида эса ажойиб жавобдан лол қолади: “Кечирасиз, жаноб! Мен ҳам Сиз каби саводсизман”;
Атом бомбаси келтириб чиқарган оқибатлардан қаттиқ ўкинган Эйнштейн алам билан: “Агар бу қилган ишим нима билан тугашини олдиндан билганимда, яхшиси соатсоз уста бўлардим!” - деган экан. У ростдан ҳам урушни кўрарга кўзи йўқ эди. Унинг яна бир фикри бунга исбот бўла олади: “Инсоният 3-Жаҳон уруши пайтида қандай қуроллар билан бир-бирини ҳалок этишини билмадим. Лекин аниқ биламан, 4-Жаҳон урушида улар тошдан ясалган болта ва тўқмоқлар билан жанг қиладилар!”. Тинчликка нима етсин…
Принстон университетига келган Эйнштейн ўз кабинетига катта сиғимга эга ахлат челаги қўйишларини илтимос қилади. “Нега?” - деб сўрашади ҳайрон бўлиб. Олимнинг жавоби эса содда ва лўнда бўлади: «Чунки мен жуда кўп хато қиламан!”;
Альберт Эйнштейндан сўрашибди: “Буюк фикрларингизни қандай қилиб қайд этиб борасиз?” Эйнштейннинг жавоби қуйидагича: “Буюк фикрлар миямга баъзи-баъзида келиб қолади, шунинг учун уларни ёзиб қўймасдан ҳам эслаб қолса бўлади”;
Эйнштейннинг аёлидан эри ҳақида сўрашибди: “У даҳо. У ҳамма нарсага қодир” - аёл бу гапига шундай қўшимча қилади: “пул топишдан бошқа”;
Ҳалигача одамлар орасида хато бир фикр юради. Нима эмиш, Эйнштейн мактабда ёмон ўқиганмиш. Бўлмаган гап! Гап шундаки, 1896 йилда у ўқиган Аарау шаҳридаги мавжуд таълим стандартларига кўра, 2 баҳоси энг юқори баҳо эди. Буни нотўғри тушунган одамлар эса уни иккичига чиқариб қўйишади;
Эзма журналистлардан бири Эйнштейнга одатий саволни беради: “Агар физик бўлмаганингизда қайси касбни танлар эдингиз?”. Эйнштейн мийиғида кулиб: “Албатта, водопроводчи!” - деб жавоб беради. Қизиғи, бироз вақт ўтиб АҚШ Водопроводчилари Касаба Уюшмаси Эйнштейнни “Фахрий водопроводчи” унвони билан тақдирлайди;
Эйнштейн маълум муддат ихтироларга патент берувчи идорада ишлаган. Ўша пайтда у қизиқ бир нарсани пайқаб қолади. Унинг айтишича, барча буюк янгилик ва ихтиролар одатда икки сўздан иборат жумладан бошланган экан: “БУ ИМКОНСИЗ!”.
Азиз ўқувчи, ишларингиз юришмаётган бўлса, ҳаётда нимадир Сиз ўйлагандек амалга ошмаётган бўлса, унда сўнгги воқеани эсга олинг! «БУ ИМКОНСИЗ ЭМАС!!”. Омон бўлинг!!!

Интернет маълумотлари асосида Баҳодир Аноров тайёрлади.