Жаҳон | 10:04 / 22.01.2016
10761
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев Қозоғистон халқига мурожаат йўллади

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат парламентининг қуйи палатасига навбатдан ташқари сайловлар ўтказиш масаласи юзасидан йиғилиш ўтказди. Оқ Ўрда матбуот хизматининг маълум қилишича, йиғилиш чоғида президент мамлакат халқига мурожаат қилган.

Йиғилишда бош вазир Карим Масимов, президент маъмурияти раҳбари, конституцион кенгаш раиси, бош прокурор ва бошқалар иштирок этишган.

Йиғилиш давомида мамлакат раҳбари Қозоғистон халқига мурожаат қилиб, Мажлис депутатларининг палатани тарқатиб юбориш ҳамда муддатидан илгари сайловларни ўтказиш борасидаги таклифлари ҳар томонлама ўрганиб чиқилганини таъкидлаб ўтди.

“Шу кунларда менга ушбу ташаббусни қўллайдиган кўплаб хатлар ва телеграммалар келиб тушмоқда, - деди давлат раҳбари. – Навбатдан ташқари сайловлар ўтказиш фикрига сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, ноҳукумат ташкилотлар, корхоналарнинг меҳнат жамоалари, ўқув даргоҳлари қўшилмоқда. Мурожаатларда келтирилган аргументлар анчайин тушунарли, уларда мамлакатга бўлган ғамхўрлик, сиёсий кампанияни тезроқ тугатиб, қўйилган вазифаларнинг амалий реализациясига ўтиш зарурати акс этган”.

Шунингдек, Назарбоев халқаро вазиятнинг мураккаблигини эсга олиб, жаҳонда янги реаллик ўрин эгаллаб бораётганини эслатиб ўтди. “Бу мураккаб вазиятда биз тушунимиз лозим бўлган асосий нарса: имкониятга қараб яшаш, ресурсларни тежаш, иш ўринларини сақлаш, - таъкидлади президент. – Ҳукумат ва парламент ушбу вазиятда ҳамкорликда ишлаб, тезкор чоралар кўриши лозим”. Мурожаатда мамлакат олдида турган галдаги вазифалар айтиб ўтилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш