Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон Европага 91,2 млн долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилади
15-24 январь кунлари Германия пойтахти Берлинда дунёдаги энг йирик “Яшил ҳафта-2016” қишлоқ хўжалиги ярмаркаси ҳамда жаҳон давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг саммити бўлиб ўтмоқда. Бу йили кўргазма ишида 68 та давлатдан, хусусан Ўзбекистондан 1730 тадан кўпроқ компания ва фермер хўжаликлари иштирок этди.
Саммитда юқори лавозимдаги шахслар, жумладан 65 та давлат қишлоқ хўжалиги вазирлари ва қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати компанияларининг 655 нафар раҳбари иштирок этди.
“Яшил ҳафта” ярмаркаси қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, боғдорчилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаларида эришилган охирги ютуқларни намойиш қилувчи йирик кўргазма ҳисобланади.
Кўргазмада асосий эътибор экологик тоза шароитларда етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотларига қаратилди.
Жорий йилда кўргазмага 400 мингдан кўпроқ одам ташриф буюрди. Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.
Ўзбекистондан ярмаркада озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси, “Ўзвиносаноат-холдинг” ХК, “Ўздонмаҳсулот” АК, бир қатор ташқи савдо компаниялари ҳамда Фермерлар ва фермер хўжаликлари кенгаши вакиллари иштирок этди.
180 квадрат метрга ёйилган Ўзбекистон экспозицияси мутахассислар ва кўргазмага ташриф буюрганларда катта қизиқиш уйғотди. Унда мевалар, сабзавотлар ва полиз экинлари, қуруқ мевалар, ёғ-мой ва виночилик маҳсулотлари, зираворлар, соклар, жемлар, турли консерваланган маҳсулотлар ҳамда тўқимачилик саноати маҳсулотлари намойиш қилинди.
Кўргазма натижаларига кўра, Европа давлатларига 91,2 млн доллардан кўпроқ қийматлик мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартнома ва келишувлар имзоланди.