Жаҳон | 08:08 / 23.01.2016
7034
1 дақиқада ўқилади

Мексикада талабаларнинг йўқолиши билан боғлиқ иш бўйича 110 дан ортиқ одам ҳибсга олинди

Мексика расмийлари 2014 йилнинг кузида 43 талабанинг йўқолишига алоқадор бўлиши мумкин бўлган яна 3 кишини ҳибсга олди, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги.

Хавфсизлик бўйича миллий комиссар Ренато Сейлзнинг айтишича, ҳибсга олинганлардан бири 22 ёшли талаба Хулио Мондрагоннинг қотиллигида асосий гумонлонувчи ҳисобланади.

Сейлзнинг айтишича, ушбу иш бўйича ҳозирда жами 113 киши ҳибсга олинган.

2014 йил 26 сентябрда бандитлар Герреро штатида бўлиб ўтаётган талабалар намойишига ҳужум қилишган. Воқеа жойида 6 киши ҳалок бўлган, яна 43 талаба ўғирлаб кетилган. Кейинроқ шаҳар ташқарисида 28 нафар номаълум жасад кўмилган оммавий қабристон топилган. Бундан ташқари, Игуала шаҳри полицияси билан алоқаси бўлган ёлланма қотиллар тўдаси 43 талабадан 17 нафарининг қотиллигида айбдорлигини тан олган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш