Жамият | 14:41 / 23.01.2016
17352
2 дақиқада ўқилади

Наманганда Миллий либослар намойиши ўтказилди

Наманганда “Қўли гулдир ўзбек аёлин” деб номланган фестиваль бўлиб ўтди. Бу ҳақда УзА хабар берган.

Наманган вилояти хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, халқ таълими бошқармалари, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон президенти раҳнамолигида хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

"Анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур фестиваль бу борада олиб борилаётган ишларнинг давомидир. Зеро, фестивалнинг қуйи босқичлари юзлаб тадбиркор ва чевар аёлларни кашф этиб, уларга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини бермоқда. Хотин-қизлар ўртасида миллий қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва “оммавий маданият”га қарши самарали курашишда бундай ишларнинг ўрни беқиёс", – дейди Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳ.Юсупова.