Жаҳон | 21:17 / 24.01.2016
2929
2 дақиқада ўқилади

Эрон ва АҚШ икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар ўтказмоқда

Эрон ва АҚШ икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар ўтказмоқда. Бу ҳақда Эроннинг энг йирик авиатранспорт компанияси Iran Air’нинг бош директори ва бошқарув раиси Фарҳод Парвареш маълум қилди.

“Эрон фуқаролик авиацияси ташкилоти айни вақтда АҚШ ва Эрон ўртасида тўғридан-тўғри авиарейсларни яна йўлга қўйиш бўйича музокаралар ўтказмоқда. Ислом инқилобигача (1979) Теҳрон ва Нью-Йорк ўртасида ҳар куни рейслар амалга оширилганди. Биз бу рейсларни яқин орада қайта бошлашга умид қиламиз”, деб айтди Парвареш.

“Эронга нисбатан санкцияларнинг бекор қилинишидан кейин Iran Air’га Ғарбий Европа аэропортларида ёнилғи қуйишни амалга оширишга рухсат берилди. Аввал Эрон лайнерлари узоқ рейслар вақтида ёнилғи қуйиш учун Шарқий Европа давлатларида техник қўнишларни амалга оширишларига тўғри келган, бу эса парвозларнинг қимматроқ бўлишига сабаб бўлган ва йўловчиларга ноқулайликлар етказган”, деб айтди Парвареш.