Жаҳон | 11:37 / 24.01.2016
5511
2 дақиқада ўқилади

Пекинда таъминотдаги етишмовчиликлар туфайли 2020 йилгача аҳоли сони 15 фоизга камайтирилади

Хитой пойтахти Пекин шаҳри аҳолиси 2020 йилга бориб 23 млн кишини ташкил этади ва бу 15 фоизлик камайиш бўлади. "Синьхуа" агентлиги хабарига кўра, кўп миллионли мегаполисда аҳолини ресурслар билан таъминлаш муаммога айланган.

Маълум қилинишича, Пекинда шу масала Халқ вакиллари йиғилиши (Қонунчилик органи) ва Пекин Миллий сиёсий маслаҳат кенгаши вакиллари иштирокидаги йиғилишда кўриб чиқилган. Унда Хитой пойтахтининг транспорт, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги таъминланганлик даражаси баҳоланган. Қайд этилишича, ҳозирга келиб, пекинликларнинг сув билан таъминланишида нисбатан кўп муаммолар юзага келган.

"Кейинги 5 йил мобайнида Пекин аҳолисини шаҳарнинг атрофидаги ҳудудларга кўчириш ишлари амалга оширилади. Шаҳарнинг аҳолиси 15 фоизга қисқартирилади (2014 йил ҳолатига кўра 21 млн 516 минг киши)", дейди шаҳар мэри Ван Аньшуня.

Унинг қайд этишича, транспорт соҳасидаги муаммоларни камайтириш учун шаҳардаги 300та компания шаҳар ташқарисига кўчирилади. "2017 йилгача ҳокимият органларининг бир қисми ҳам Пекиндан Тунчжоу туманига кўчирилади", дейди у.

Таҳлилчиларнинг маълумотига кўра, 2015 йил сўнггида Пекин аҳолиси 21,7 млн нафар бўлган, 2016 йил охиридаги кўрсаткич эса 22 млн нафардан ортиқ бўлиши кутилмоқда.