Технология | 22:10 / 24.01.2016
5098
2 дақиқада ўқилади

Водород ёнилғисида юрувчи Honda Clarity Fuel Cell седанининг нархи 60 минг долларни ташкил қилиши маълум бўлди

Honda компанияси водород ёнилғи элементларида ишловчи двигателли Clarity Fuel Cell автомобилининг нархи ва савдога чиқарилиши муддати ҳақидаги маълумотларни маълум қилди.

Муҳандислар моделни ишлаб чиқишда салоннинг максимал даражада кенгроқ бўлишидан келиб чиқишган. Трансмиссияни жойлаштиришни оптималлаштириш эвазига мутахассислар ичида беш киши қулай жойлашиши мумкин бўлган интерьерни яратишди.

Ёнилғи элементлари ва энергоблокнинг ўлчамлари V6 двигатели билан қиёсланажак ўлчамларга камайтирилди. Автомобиль юқори босимда газсимон водород сақланувчи махсус ёнилғи баки билан жиҳозланди. Седан ёнилғи тўлдиришсиз 500 км йўл юриши мумкин. Водород захиралари тўлдирилиши учун тахминан 3 дақиқа кетади, бу ҳолат ёнилғи тўлдириш жараёнини бензинли ва дизелли моделлардаги каби тез ва қулай бўлишини таъминлайди.

Юқори самарали куч узеллари литий-ионли батарея билан биргаликда тез ва бир текис тезланишни таъминлайди, бунга узатмаларни алмаштиришга эҳтиёжнинг йўқлиги эвазига эришилади.

Clarity Fuel Cell’нинг ўзига хос жиҳатлари сифатида унинг ёруғлик-диодли фаралари, оригинал дизайнга эга 18 дюймли ғилдирак дисклари, чарм ўриндиқлар ва Apple CarPlay ва Android Auto тизимларини қўллаб-қувватловчи илғор мультимедиа тизимини келтириш мумкин.

Маълум қилинишича, автомобиль жорий йилнинг охиригача тахминан 60 минг доллар нарх билан савдога чиқарилади.