Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Япониянинг субтропик оролида 1901 йилдан бери биринчи марта қор ёғди
Япониянинг Амами-Осима оролида 115 йил ичида биринчи марта қор ёғиши қайд этилди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.
Охирги марта оролда қор 1901 йилнинг 12 февралида ёққан. Шу дам олиш кунлари Япониянинг жануби-ғарбий қисмига совуқ ҳаво келиб, қорлар ёға бошлади. Қор ёғиши камёб ҳодиса ҳисобланган, жанубда жойлашган Кюсю оролидаги Нагасаки шаҳрида 16 сантиметр қор ёққан, бу кўрсаткич ушбу шаҳар учун рекорд ҳисобланади, Кагосима шаҳрига эса 10 сантиметрлик қор қоплами тўшалган.
Япониянинг энг жанубий Окинава префектурасида рекорд даражадаги совуқ ҳарорат (4,6 градус) қайд қилинган. Фукуока шаҳрида 11 та автомобиль тўқнашиб кетган, қурбонлар борлиги айтилмоқда.
Аввалроқ қор ёғиши туфайли мамлакатнинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган шаҳарлар йўналишида 166 та авиарейс бекор қилингани маълум қилинганди. 7 та авиакомпания ўз сайтларида Кинки тумани, Сикоку ва Кюсю оролларига парвозларни бекор қилганини маълум қилган.
Синоптиклар қор 25 январгача ёғишидан огоҳлантирмоқдалар. Япониянинг жануби-ғарбида бир кун ичида 30 дан 100 сантиметргача қор ёғиши мумкинлиги айтилмоқда.