Жаҳон | 22:50 / 25.01.2016
6470
2 дақиқада ўқилади

Антарктидани бир ўзи кесиб ўтишга ҳаракат қилган британиялик тадқиқотчи муваффақиятсизликка учраб, оламдан ўтди

Британиялик тадқиқотчи Генри Уорсли, Антарктидани бир ўзи кесиб ўтган илк одамга айланиш учун ҳаракати вақтида муваффақитсизликка учради. У маррага етишига 50 километр қолганда тўхтаган ва қутқарув сигналини юборган. Тадқиқотчи Чилидаги шифохонага келтирилгач, жон берган. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар тарқатган.

Нашр маълумотларига кўра, Британия армияси собиқ зобити 2015 йилнинг ноябрида маршрутини бошлаган ва 80 кун ичида ўз мақсадига эришишни мўлжаллаган. У 1770 км масофадаги йўлга ўзи билан чана, чодир, озиқ-овқат ва бошқа ускуналар олиб чиққанди. У мураккаб об-ҳавога дуч келган, ҳаво ҳарорати 44 даража совуққача пасайган.

55 ёшли Уорсли сафари бошланганидан 71 кун ўтиб, манзилга етишига 50 км масофа қолганида йўлини давом эттира олмай қолган ва ёрдам сўраб сигнал жўнатган. Бунга унинг силласи қуригани ва организм ҳаддан зиёд ҳолдан тойгани сабаб бўлган.

22 январь куни вертолёт орқали уни Чилидаги Пунта-Аренас шаҳри касалхонасига келтиришган ва унга бактериал перитонит ташхиси қўйилган. Унда операция ўтказилган бироқ, у 24 январь куни вафот этган.

Уорсли жанубий ярим шарда Эрнест Генри Шеклтон бошлаган ишни тугатиб қўймоқчи эди. 1914 йилда Шеклтон жамоаси билан Антарктидани кесиб ўтмоқчи бўлган, аммо музли қопқонга тушиб қолиб, ортга қайтишга мажбур бўлганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш