Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШда доллар банкнотидан “In God We Trust” иборасини олиб ташлаш таклиф қилинди
АҚШда доллар банкнотидан мамлакатнинг расмий шиори “In God We Trust” (“Тангрига ишонамиз”) иборасини олиб ташлаш таклифи билдирилди. Тегишли арз Огайо штатидаги атеистлар гуруҳи томонидан Акрон шаҳри федерал округ судига берилди, деб хабар бермоқда World Religion News портали.
Арзчиларнинг вакили Майкл Ньюдоу ушбу ибора АҚШнинг Конституциясига хилофлигини, чунки унда черков давлатдан алоҳида бўлиши кераклиги таъкидланганини айтган. Агар суд арзни қўллаб-қувватласа, унда ушбу шиор янги қоғоз пулларга босилмайди.
Ушбу ташаббус одамлар орасида турли фикрларни юзага келтирди. Жумладан, АҚШ президенти лавозимига номзодлардан бири Бен Карсон ўзининг Twitter’даги блогида ушбу ташаббусга қарши чиқди. The Daily Beast нашри шарҳловчиси Кандида Мосснинг айтишича, бу ибора совуқ уруш вақтларида шиор сифатида қабул қилинган. АҚШ ҳукумати бу шиорни совет атеизмга қарши қўйиш учун қўллаган.
Ньюдоу биринчи марта судда давлатга қарши чиқмаяпти. Ўтган йили у АҚШ байроғига вафодорликка қасамёд матнидан “Тангри остида” сўзларини олиб ташлаш бўйича ишни ютқазганди.
In God We Trust ибораси биринчи марта 1864 йилда АҚШ тангасида пайдо бўлган. Ушбу ибора шиор сифатида 1956 йилда қабул қилинган. 2002 йилда қонунчилик бу иборанинг АҚШ байроғига вафодорликка қасамёд сифатида қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаганди. 2011 йилда АҚШ Конгресси вакиллар палатаси аъзолари бу иборанинг АҚШнинг миллий шиори сифатидаги мақомини тасдиқловчи резолюцияни қўллаб-қувватлаган.