Жамият | 09:27 / 25.01.2016
2264
2 дақиқада ўқилади

Британия ҳукумати ва Билл Гейтс безгакка қарши кураш учун 4,5 млрд доллар ажратади

Британия ҳукумати ҳамда Билл ва Мелинда Гейтс жамғармаси яқин беш йил ичида безгакка қарши кураш учун 4,5 млрд доллардан зиёдроқ маблағ ажратади. Бу ҳақда Microsoft компанияси асосчиси Билл Гейтс ва Бирлашган Қироллик молия вазири Жорж Осборн Times нашри саҳифаларида маълум қилишди, дея хабар тарқатди ТАСС.

“Биз ўз ҳаётимиз давомида безгак ва бошқа тропик касалликларга барҳам беришга, шунингдек, вужудга келган таҳдидларга қарши туриб, дунёмизни барча учун хавсизроқ қила олишимизга некбинлик билан қарамоқдамиз”, - дейилади биргаликдаги баёнотда.

Бунда Британия ҳукумати бюджетдан ҳар йили 715 миллион доллар (500 млн фунт стерлинг) маблағни 1902 йилда безгак касаллигини пашша (чивин)лар тарқатишини аниқлагани учун Нобел мукофотига сазовор бўлган британ олими Рональд Росс номидаги жамғармага халқаро эҳтиёжлар учун йўналтиради.

Гейтслар фонди эса касалликка қарши кураш бўйича олиб борилаётган илмий изланишлар учун йилига 200 миллион доллардан ажратади. Қўшма баёнотда келтирилишича, ҳар дақиқада бир бола айнан ушбу хасталик сабабли ҳаётдан кўз юммоқда. Бироқ халқаро ҳамжамиятнинг ушбу касалликка қарши кураши ҳам ҳавога учаётгани йўқ: сўнгги 15 йил ичида мазкур дарддан вафот этганлар сони икки баробарга қисқарди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш