Жаҳон | 14:40 / 25.01.2016
3248
4 дақиқада ўқилади

Жан-Клод Юнкер: Шенген ҳудудининг йўқ бўлиб кетиши ЕИнинг мавжудлигига хавф солади

Еврокомиссия раиси Жан-Клод Юнкер "Европа Иттифоқи муҳожирлар муаммосига бағишлаб навбатдан ташқари саммит ўтказиши керак" деган баёнот билан чиқди.

Маълумки, 2015 йилнинг 18 декабрида бўлиб ўтган саммит чоғида ЕИ Еврокомиссиянинг чегараларни муҳофаза қилиш масаласида ташкил этилган Frontex агентлиги базасида янги чегара ва соҳил қўриқлаш хизмати ташкил этиш борасидаги таклифини маъқуллаган эди. Еврокомиссия раҳбари Жан-Клод Юнкер Шенген ҳудудининг йўқ бўлиб кетиши ЕИнинг мавжудлигига хавф солишидан огоҳлантирди.

Еврокенгаш раҳбари Дональд Туск Шенген ҳудуди 2 ойдан кейин ўз фаолиятини тугатиши мумкинлигини айтди. Сиёсатчининг фикрича, Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги визасиз тартиб агар давлатлар муҳожирлар билан боғлиқ масалани ҳал қила олмаса, бекор қилиниши мумкин. Тускнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи агар ўзининг ташқи чегаралари хавфсизлигини таъминлай олмаса, “сиёсий лойиҳа сифатида инқирозга учрайди”.

Айни пайтда ноқонуний муҳожирликнинг олдини олиш мақсадида Норвегия, Швеция, Дания, Германия, Франция, Мальта ва Австрияда чегара назорати амалга оширилмоқда. Вена 16 январда бундай амалиётга қайтишини эълон қилди. Австрия федерал канцлери Вернер Файман бундай чораларнинг кўрилишини ЕИнинг ташқи чегараларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишининг муваффақиятсизликка учраши билан тушунтирди.

“Бундай вазиятда ҳар бир давлат ўз чегараларини назорат қилиши керак”, деб айтди Файман.

Македония расмийлари қўшни Греция билан чегараларини вақтинча беркитишга қарор қилди. Кўзланган асосий мақсад мамлакат ҳудудларига ноқонуний муҳожирларнинг кириб келиши олдини олишдан иборат.

Германия Канцлер Ангела Меркель Христиан-социалистлар Иттифоқи томонидан муҳожирларни қабул қилишда лимит жорий қилиш тўғрисидаги таклифини рад қилди.

2016 йилда Германияга ўтган йилга нисбатан икки баробар кўп муҳожир келиши кутилмоқда. Бу хақда Қуйи Саксония федераль ўлкаси бош вазири Штефан Вайль баёнот берди. Унинг сўзларига қараганда, вазият ўзгармайдиган бўлса, у ҳолда бу йил Германияга 2 миллиондан ортиқ муҳожир келиши мумкин. Бироқ полиция вакилларининг айтишича, сўнгги кунларда мамлакатга келаётган муҳожирлар оқими қисқарган. Ўтган ҳафтанинг дам олиш кунларида Австрия-Германия чегарасидан 5 минг 200 нафарга яқин муҳожир ўтган бўлса, душанба ва сешанба кунлари 1 минг 700 нафарга яқин муҳожир Германияга келган.

Австрияда қабул қилинадиган муҳожирлар сони расман чеклаб қўйилди. 2016 йилда мамлакат бошпана беришни сўраб мурожаат этганлардан фақат 37 минг 500 кишини қабул қилади. Шу билан бирга 2019 йилгача қабул қилинган муҳожирлар сони 127 минг 500 кишидан ошиб кетмаслиги керак. Чоршанба куни ҳукумат шундай қарорни қабул қилди.

“Биз бошпана сўраганларнинг ҳаммасини қабул қила олмаймиз”, — деди федерал канцлер Вернер Файман.

Эслатиб ўтамиз, 16 январь куни Австрия канцлери Шенген келишуви вақтинча тўхтатилганини маълум қилган эди.

Европа яқин 6-8 ҳафта мобайнида муҳожирлар оқимини қисқартириши керак. Бу хақда Нидерландия бош вазири Марк Рютте баёнот берди. У Европарламентда қилган чиқишида Нидерландия Европа Иттифоқига ярим йил давомида раислик қилар экан, муҳожирлар муаммосига устувор масала сифатида қарашини билдирди. У Европага келаётган муҳожирлар оқими ҳаддан зиёд кўплигини таъкидлаб ўтди.

Муаллиф: Шарофиддин Тўлаганов