Иқтисодиёт | 09:41 / 25.01.2016
4219
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда 2015 йилда рекорд миқдорда гибрид автомобиллар сотилди

Корея Республикасида сотилган гибрид двигателли автомобиллар сони рекорд миқдор – 39 минг донага етди. Бу ҳақда Корея автоимпортёрлари ва дистрибьюторлари ассоциацияси маълумотига таяниб ТАСС хабар берди.

“Мазкур рақам 2012 йилда ўрнатилган рекорддан ошди, ўшанда мамлакатда 38,3 минг гибрид машина сотилган эди”, - дейилади хабарда. Хусусан, ўтган 2015 йилда мамлакатда 22,6 минг дона Hyundai Motor компаниясининг гибрид машинаси ўз харидорини топган. Рўйхатнинг иккинчи поғонасидан эса Япониянинг Toyota Motor компанияси ўрин олди.

Бир йил давомида корейслар 9 минг дона гибрид “Тойота” харид қилишган. Kia Motors 6,5 мингта ана шундай маҳсулот сотиб учинчи ўринни банд этган. Бошқа хорижий ишлаб чиқарувчилар улуши эса 750та машинага тенг бўлган.

Ташкилот маълумотига кўра, 2008 йилда сотилган бундай автомобиллар сони 1070 донани ташкил этган эди. Экспертлар фикрича, кўплаб фуқаролар онгли равишда иқлим ўзгаришларига қарши курашда ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида гибрид автолар харид қилмоқда. Башоратларга кўра, 2016 йилда Жанубий Кореяда 50 мингта ана шундай машиналар сотилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш