Ўзбекистон | 18:08 / 25.01.2016
8601
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 21,6 фоизга ошди

Нукусда 2015 йил якунлари ва 2016 йилда Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА мухбири хабар қилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов бошқарган йиғилишда Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

2015 йилда Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги лойиҳаларни ишга тушириш, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш юзасидан олиб борилаётган ишлар самарасида иқтисодиётнинг барча соҳаларида изчил ўсиш суръатлари таъминланди. Айниқса, энергетика, қурилиш, кимё, енгил саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида таркибий ўзгаришларга эришилди.

Ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 10,7 фоизга, жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 21,6, хизматлар 18,3 фоизга ошди. Йирик саноат корхонаси – Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши ниҳоясига етказилиб, синов тариқасида шу кунга қадар 300 миллиард сўмга яқин маҳсулот ишлаб чиқарилди. Мажмуада 1 минг 200 га яқин ёш мутахассис иш билан таъминланди.

Кимё соҳасида “Қўнғирот сода заводи”да 109 миллион доллар миқдоридаги инвестиция эвазига яна 100 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Ўтган йили 100 миллион доллар миқдорида инвестиция ўзлаштирилди.

Энергетика саноатини ривожлантириш мақсадида 2013-2020 йилларга мўлжалланган дастур асосида “Тахиатош иссиқлик электр станцияси”да 700 миллион долларлик инвестиция киритиш ҳисобидан қўшимча буғ-газ қурилмаларини қуриш ишлари бошланди.

Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаётгани боис, йилига 60 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга “Титан-цемент” заводи 2016 йилда ишга туширилиши мўлжалланмоқда.

Саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури доирасида енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган Амударё туманида “Амударё текстиль”, Хўжайли туманида “Элит стар текстиль”, Элликқалъа туманида “Глобал текстиль” корхоналари ишга туширилди. 2015-2019 йилларда эски пахта тозалаш заводлари ўрнида умумий қиймати 79,6 миллион долларга тенг инвестиция ҳисобига 4 корхонани модернизация қилиш ҳамда 4 енгил саноат корхонасини янгидан қуриш режалаштирилган.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, минтақанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йили жами 50 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиб, уларнинг 22 мингдан ортиғига касб-ҳунар коллежлари битирувчилари жойлаштирилди.