Ўзбекистон | 18:50 / 26.01.2016
5246
2 дақиқада ўқилади

Фарғона вилоятида балиқчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари сони 238тага етди

Фарғона вилоятида балиқчиликка ихтисослашган 238 фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. ЎзА хабарига кўра, тармоқда самарадорликни янада ошириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар туфайли 2015 йилда вилоятда 35 балиқчилик фермер хўжалиги ташкил этилди.

Вилоятда 2015 йилда балиқчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари томонидан 4 минг тоннадан ортиқ балиқ овланди.

– Хўжалигимизда балиқ етиштириш ҳажми йилдан-йилга ошмоқда, – дейди Фарғона шаҳридаги “Ўроқбой” фермер хўжалиги раҳбари Алишер Мамажонов. – Ўтган йили аҳоли дастурхонига 50 тоннадан зиёд балиқ етказиб бердик.

Балиқчиликни янада ривожлантириш, унинг захирасини кўпайтириш, интенсив усулда балиқ етиштириш, аҳолини сифатли ва нисбатан арзон маҳсулот билан таъминлаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Мутахассислар иштирокида илғор тажрибаларни қўллаш, табиий сув ҳавзалари қирғоқлари атрофига тўр ўрнатиш борасида инновацион лойиҳалар амалга оширилаётир. 87 ҳовузда “қафас” усулида балиқ чавоқлари ўстирилмоқда.

Амалга оширилаётган бундай изчил ишлар самарасида балиқ ва балиқ маҳсулотларини савдо дўконлари, бозор расталарида йилнинг исталган фаслида кўриш мумкин. Бу давлатимиз томонидан тармоқни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, табиий сув ҳавзаларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилиб, бундай ҳавзалар барпо этиш учун зарур ер участкалари ажратилаётгани самарасидир.