Иқтисодиёт | 14:58 / 26.01.2016
3171
1 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореянинг Вьетнамга киритган сармояси миқдори 45 млрд долларга яқинлашди

2015 йил якунларига кўра, Жанубий Корея капитал қўйилмаларининг умумий ҳажми 44,9 миллиард долларни ташкил этган ҳолда Вьетнам иқтисодиётининг энг йирик хорижий сармоядори бўлди. Бу ҳақда Вьетнам Режалаштириш ва сармоялар вазирлиги қошидаги Хорижий инвестициялар агентлиги маълум қилди.

2015 йилда Корея Республикаси Вьетнам ҳудудида 702та янги инвестицион лойиҳани амалга ошириш ҳамда 260та мавжудларини кенгайтиришга қўшимча равишда 6,72 миллиард доллар йўналтирган ҳолда Вьетнам иқтисодиётидаги тўғридан-тўғри капитал қўйилмалари ҳажмини оширди.

Вьетнам шимолида Samsung корпорациясининг телевизор ва мониторлар ишлаб чиқариш базасини кенгайтириш лойиҳасига 3 миллиард доллар сармоя киритгани ўтган йилнинг энг йирик инвестицияларидан бири бўлди. Маълумотларга кўра, айни пайтда Samsung корпорациясининг турли тузилмалари 100 минг нафарга яқин маҳаллий аҳолини иш билан таъминлади. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган Жанубий Корея компаниясининг мобиль телефонлари ва электрон маҳсулотлари Вьетнам иқтисодиётига йилига 30 миллиард доллар фойда келтирмоқда.