Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Песков Путин ва унинг собиқ рафиқасининг шахсий ҳаёти ҳақидаги саволларга жавоб беришни истамади
Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ОАВда тарқалган президентнинг собиқ рафиқаси турмуш қургани ҳақидаги хабарларга изоҳ беришни истамади. Бу ҳақда "Интерфакс" хабар тарқатган.
"Сиз биласизки, Владимир Владимирович ва Людмила Александровна ажрашишган. Мен бу вазиятда жим туришга ҳамда Людмила Александровна ҳақида, унинг шахсий ишлари ҳақида ҳеч қанақа гап гапирмаслик ҳуқуқига эгаман", дейди Песков.
Матбуот котиби Путиннинг келажакда ўзига бошқа умр йўлдоши топиши эҳтимоллари ҳақидаги саволни ҳам очиқ қолдирган.
"Мен анъаналарни бузмоқчи эмасман ва президентнинг шахсий ҳаёти ҳақида гапирмайман", деган у.
Бироз олдинроқ, ОАВда Владимир Путиннинг собиқ рафиқаси Людмила Путина турмушга чиққани ҳақида хабар пайдо бўлганди.
Владимир ва Людмила Путинлар 2013 йил 6 июнда ажрашишга қарор қилишганини маълум қилишган. Улар деярли 30 йиллик биргаликдаги турмушдан кейин ажрашишган. 2014 йилда Путин россияликлар билан ўтказган “жонли мулоқот” вақтида келгуси шахсий ҳаёти ҳақидаги саволга ҳазиломуз тарзда аввал ўзининг собиқ рафиқасини турмушга бериши кераклигини, сўнгра уйланиш ҳақида ўйлаб кўришини айтганди.