Жамият | 23:30 / 26.01.2016
4822
2 дақиқада ўқилади

Таътилни нишонлашда меъёрдан ортиқ спиртли ичимлик истеъмол қилган британиялик ўлиб қолди

Буюк Британия фуқароси Питер Николсон 36 соат давомида узлуксиз равишда спиртли ичимлик истеъмол қилиши натижасида вафот этди. У таътилга чиққач, Таиландга саёҳат қилган ва дўстлари билан кимўзарга ичиш бўйича беллашган. Бу ҳақда The Sun нашри хабар берган.

29 ёшли бу йигитнинг жонсиз танаси Таиланддаги меҳмонхоналардан бирида топилганида, унинг ёнида ароқ ва Red Bull энергетик ичимликлари солинган 4та челак, 20та пиводан бўшаган идиш ҳамда овқат қолдиқлари бўлган.

Виган шаҳрида яшаган ва муҳандис бўлиб ишлаган бу йигит таътилни ҳали аэропортдалигидаёқ нишонлай бошлаган. У Манчестердан Бангкокка учаётган самолётга спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолатда чиққан. Самолёт Қатарда тўхтаганида у яна колага виски аралаштириб ичган.

У тунаган меҳмонхона ходимлари уни эрталаб уйғота олишмагач, полициячилар ва тиббиёт ходимлари чақирилган. Текширувлар натижасида унинг 100 миллилитр қонида 341 микрограмм алкогол борлиги аниқланган.

Николсоннинг ўлими бўйича текширув ўтказган мутахассис Элисон Матчнинг айтишича, марҳум тетиклаштирувчи Red Bull ичимлигини ҳам кўп миқдорда ичгани туфайли унинг ўзи ҳам, дўстлари ҳам аҳвол қай даражада эканини сезишмаган.

"У ичкиликни ёқтирарди. Лекин пиёниста эмасди. Питер эрталаблари югурар эди ва бошқа спорт турлари билан шуғулланиб турарди. Ўғлим саёҳатларга чиқишни ёқтирарди, кўпинча Таиландга кетарди", деган мухбирларга марҳумнинг онаси.