Жамият | 13:37 / 26.01.2016
3105
1 дақиқада ўқилади

Хитойда Ғалаба байрами муносабати билан 30 мингдан ортиқ маҳбус озодликка чиқди

Иккинчи Жаҳон урушида Япония империализми устидан эришилган ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия доирасида Хитойда умумий миқдорда 31 527 маҳбус озодликка чиқарилди. Бу ҳақда Пекин томонидан тарқатилган расмий хабарномада айтилди.

Амнистия Бутунхитой халқ вакиллари йиғини томонидан илгари сурилган ташаббус эди. Тегишли ҳужжатни ХХР раиси Си Цзиньпин имзолади.

Озод қилинганлар орасида 1937-1945 йилларда Япония агрессиясига қарши курашганлар, 30 ва 40-йиллардаги фуқаролик уруши иштирокчилари бор. Уларнинг бари 80дан ошган бўлиб, “жамият учун хавф туғдирмайди”, деб ёзади Синьхуа агентлиги.

Амнистияга тушганларнинг асосий қисми эса (29927 киши) жиноят чоғида 18 тўлмаганлар ҳамда 3 йилдан кам муддатга озодликдан маҳрум қилинганлардир.