Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Камолот”чилар интернет-кафеларда рейдлар уюштирмоқда
Ўзбекистонда дарс пайтида ҳамда тунги вақтда вояга етмаганларнинг интернет-кафе ва компьютер клубларида бўлиши устидан назорат кучайтирилди. Вояга етмаган шахс ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс билан бирга бундай муассасага ташриф буюргандагина истисно ҳолат ҳисобланади.
“Камолот” ЁИҲ Тошкент шаҳар кенгашининг маълум қилишича, ушбу мақсадларда махсус гуруҳлар шакллантирилган бўлиб, улар тегишли муассасаларда тизимли асосда рейдлар уюштириб келмоқда. Тўрт ва ундан ортиқ кишидан иборат гуруҳлар вилоятларда ҳам ишламоқда.
“Биз нафақат ўқувчилар бор-йўқлигини, балки компьютерлар мундарижасини ҳам текширамиз, - рейд иштирокчиларидан бирининг сўзларини келтиради Sputnik агентлиги. – Интернет-кафеларда ахлоқсизлик, диний экстремизм, миллатчилик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи дисклар, сайтлар, фильмлар, ўйинлар, турли маълумот ва материаллар сақлаш тақиқланади. Шунингдек, бундай муассасаларда плакатлар ва реклама воситалари бўлиши мумкин эмас”.
Бундан ташқари, интернет кафе биноси санитария ва хавфсизлик талабларига жавоб бериши лозим. “Соат 21:00дан сўнг эшикларини ёпиб, фақат мижозлари учун ишлайдиган ўйин муассасалари ҳам бор, - сўзида давом этди агентликнинг суҳбатдоши. – Биз у ерга мижоз сифатида кириб олиб, барини яширин камерага туширамиз. Сўнг материаллар ҳуқуқ-тартибот органларига топширилиб, тегишли чоралар кўрилади. Дарвоқе, мақсадларимиздан бири асосан интернет орқали фаолият юритадиган ИШИД ёлловчиларига қарши курашишдир”.
Мазкур интернет-кафеларда қўлга тушган ўқувчилар ўқийдиган таълим даргоҳларининг раҳбарияти, болаларнинг ўзлари ва ота-оналари жазоланади. Шу ҳудудни назорат қилувчи участка нозирлари эса ишидан маҳрум бўлиши ҳам мумкин.