Жамият | 10:19 / 27.01.2016
15581
13 дақиқада ўқилади

Давлат хизматларини кўрсатишда маъмурий жараёнларнинг роли ва аҳамияти

Маъмурий жараёнлар нима?

Давлат хизматларини кўрсатишда маъмурий жараёнларнинг роли ва аҳамиятини кўриб чиқишдан аввал ушбу мақолада қўлланиладиган иборалар бўйича тўхталиб ўтамиз.

Тасаввур қилайлик, давлат органи ўзи кўрсатадиган хизмат турларини ЯИДХП ёрдамида интерактив форматга ўтказиши талаб этилди. Ушбу жараёнга лицензия, справка, гувоҳномалар ва шу каби ҳужжатлар олиш бўйича фуқаролар/бизнес ва давлат органлари орасидаги ўзаро алоқалар мисол бўлиб хизмат қила олади. Хизматларни интернет орқали самарали кўрсатишнинг асосий талабларидан бири бу аниқ белгиланган маъмурий жараёндир.

Маъмурий жараён бу маъмурий-бошқарув ваколатларини амалга ошириш бўйича қабул қилинган норматив тартиб бўлиб индивидуал маъмурий масалаларни ҳал қилиш ёки бошқарув функцияларини бажариш учун йўналтирилган.

Маъмурий жараён – давлат бошқаруви ёки маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органи томонидан маълум вазифани бажаришга қаратилган ҳаракатлар кетма-кетлиги (алгоритми) тушунилади.

Давлат хизматлари – аҳолининг талабларидан келиб чиққан ҳолда давлат органлари томонидан амалга ошириладиган хизмат турлари назарда тутилади. Давлат хизматларини давлат томонидан тегишли ваколатлар берилган бошқа ташкилотлар ҳам қонун доирасида амалга оширишлари кўзда тутилган.

10 йил аввал давлат органларида, юристлар ва профессионал ташкилотлар доираларида ҳеч ким «давлат хизматлари» тушунчаси ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмаган бўлса, бугунги кунга келиб интерактив ва электрон кўринишидаги давлат хизматлари ҳақида барча етарлича маълумотга эгадир. Таъкидлаш жоизки, 2015 йилнинг баҳоригача давлат хизматлари тушунчасининг ўзи мавжуд эмас эди ва уни ҳамма ўзича талқин қилар эди. Давлат хизматларини таклиф этиш жараёни ҳам давлат органларининг ўз хизмат турларининг йўналиши бўйича ва ўз ваколатлари доирасида амалга оширар эдилар. Давлат хизматлари бўйича умумий тушунча ва белгилар мавжуд эмас ва эндигина шакллантирилмоқда эди.

«Давлат хизматлари» ва «маъмурий жараён» каби янги ҳуқуқий институтларнинг вужудга келиши Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан давлат хизматларининг электрон тизимини шакллантиришда асосий омил бўлган электрон ҳукуматини вужудга келтириш ва уни ривожлантириш ва шу билан бирга қонунчиликни янги поғонага юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратгани туфайлидир.

Маъмурий жараёнларнинг мавжуд эмаслиги давлат органлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатади, чунки амалдаги норматив-қонуний актларда кўпгина муҳим элементлар ҳисобга олинмаган (кўпгина жараёнлар кўрсатиб ўтилмаган, шикоят қилиш тартиби эътборга олинмаган, давлат органлари ходимлари учун ички регламент йўқлиги ва шу кабилар) ва шу аснода давлат органлари ичида давлат хизматчиларининг икки гуруҳи вужудга келади: биринчи гуруҳ давлат хизматларининг сифатини яхшилашни ва уларни электрон шаклга ўтказишни талаб қилади (одатда раҳбарлар); иккинчи гуруҳ хизматларни талаб даражасида кўрсата олмайди, чунки улар раҳбарият томонидан талаб қилинадиган шаклга мос бўлмаган амалдаги норматив қонунларни қўллашга мажбурдирлар. Бунинг учун, маъмурий жараёнларни ишлаб чиқиш ва унификация қилиш талаб этилади.

Маъмурий жараёнларнинг давлат хизматларини кўрсатишдаги ўрни ва аҳамияти

Амалда, бугунги кунда давлат органлари фаолияти давомида давлат хизматлари бўйича бир-бирига ўхшаш иборалар қўлланилмоқда, аммо ушбу ўхшаш ибораларнинг маъноси барча давлат органларида турлича талқин қилинади. Ҳар бир давлат органининг давлат хизматлари бўйича ўз тушунчаси мавжуд. Давлат хизматлари, ҳужжат шакллари ва бланклари ягона Реестри тўлдириш амалиёти бунга яққол мисол бўла олади. Масалан, кўпинча давлат органлари томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожатлари ва давлат органи бошқарувининг қабул кунлари ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш давлат хизматлари қаторига киритилади. Ўзбекистон Республикасидаги давлат хизматларини кўрсатиш ва маъмурий жараёнлар институтининг ёшлиги ва ҳали тўлиқ шаклланмаганлиги бундай вазиятнинг асосий сабабларидан биридир.

Маъмурий жараёнлар давлат вазифаларини бажаришга оид умумий қоидалар ва омилларини тартибга солади. Шу билан бирга, ушбу жараёнлар жисмоний ва юридик шахслар орасидаги ўзаро муносабатларга (рухсат берувчи ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш, олиш, муддатини узайтириш бўйича ариза топшириш ва уни кўриб чиқиш, рўйхатга олиш, компенсация, кафолат ва имтиёзлар бериш ва юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига тегишли бўлган бошқа қарорларни қабул қилиш) йўналтирилган давлат органларининг қонуний ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган давлат хизматлари кўрсатишни ўз ичига қамраб олади.

Маъмурий жараёнлар қуйидаги имкониятлар яратади:

1. Жараёнларни унификациялаш
2. Хизматлардан фойдаланувчилар учун тушунарли бўлиш
3. Ноқонуний ҳаракатларни аниқлаш тартиби
4. Хизмат кўрсатиш муддатларини кечиктирганлиги учун жавобгарлик механизмини вужудга келтириш ва қўллаш
5. Хизмат кўрсатиш сифатини баҳолаш

Ишчи гуруҳ томонидан 2015 йилда ишлаб чиқилган «Маъмурий жараёнлар тўғрисида» Қонуни лойиҳасига биноан, маъмурий жараён қўлланилиши талаб қилинадиган қонунбузарликлар қуйидагилардир:

1) Тегишли шахсларни рўйхатга олиш;
2) Мол-мулкга эгалик ҳуқуқини рўйхатга олиш;
3) Маълум турдаги фаолиятларни рўйхатдан ўтказиш;
4) Рухсат берувчи ҳужжатларни тақдим этиш;
5) Ер майдонларини, ер бойликлари майдонларини, ўрмон майдонларини, сув ресурсларини назорати, шунингдек, шу каби майдонларни ва объектларни мулкдорлардан ёки қонуний эгаларидан тортиб олиш;
6) Тегишли шахсларга давлат ҳисобидан субсидиялар, компенсациялар, молиявий ва бошқа ёрдам турлари, квоталар, кафолатлар, имтиёзлар ва бошқа устунликларни яратиш;
7) Давлат мулки ва мулк ҳуқуқларини бошқариш;
8) Тегишли шахсларга давлат уй жой захирасидаги бинолардан жой ажратиш ва улардан фойдаланиш;
9) Давлат нафақалари ва ёрдам пулларини ҳисоблаш, қайта кўриб чиқиш ва тўлаш;
10) Тегишли шахсларга қонуний имтиёз ва устунликларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи мақомни бериш;
11) Тегишли шахсларга нисбатан давлат аттестацион-экзаменацион фаолиятини қўллаш;
12) Юридик аҳамиятга эга бўлган расмий ҳужжатларни бериш;
13) Божхона ва солиқ фаолиятини бошқариш;
14) Маҳсулотларни (иш, хизмат кўрсатиш) стандартизациялаш ва сертификациялаш;
Юқорида келтирилганларнинг деярли барчаси (11 ва 13 бандлардан ташқари) давлат хизматлари сирасига киради. Хулоса шуки, истисносиз барча давлат хизматлари маъмурий жараёнлар орқали амалга оширилади.
Шу бирга бирга, маъмурий жараён иштирок этмайдиган ҳуқуқий фаолиятларни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимдир. Улар қуйидагилардир:
1) давлат органларининг қонунчилик фаолияти;
2) тегишли шахсларнинг ҳуқуқларига таъсир қилмайдиган давлат органларининг ташкилий бошқарув ва ички ташкилий фаолиятлари;
3) ҳарбий хизмат ва ички ишлар органлари каби давлат хизматларини ўташ орқали давлат органлари ва улар қошидаги ташкилотларда вужудга келувчи меҳнат ва бошқарув муносабатлари;
4) жиноий чоралар билан боғлиқ бўлган тезкор-қидирув, тергов ва шу каби бошқа фаолиятлар;
5) давлат органлари иштирокидаги фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлар;
6) суд ишлари ва суд актларини мажбурий равишда амалга ошириш билан боғлиқ бўлган муносабатлар;
7) консуллик фаолиятидан ташқари бўлган ташқи сиёсий фаолият.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида маъмурий жараёнлар мавжуд эмас деган фикр нотўғри бўлади. Маъмурий жараёнлар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида тутган ўрни яққол кўринади ва у асосан давлат хизматларини кўрсатишда муҳим роль ўйнайди. Деярли барча давлат хизматлари норматив ҳуқуқий бошқарувга эга бўлиб шу орқали давлат хизматларини кўрсатиш тартиби, вақти ва бошқа талабларни аниқлаштириб беради.

Ҳозирги кунда, маъмурий жараёнлар кўпгина қонунлар орқали тартибга солинган. Шу билан бирга, миллий ҳуқуқий базасининг яратилиши давомида маъмурий жараёнларнинг умумий стандартларининг мавжуд бўлмаганлиги уларнинг фрагментлилиги ва турли хил ёндашувга эгалиги билан фарқланишига олиб келди.

Ҳозирги вақтга келиб маъмурий жараён бўйича аҳамиятга эга бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу институтнинг маълум бир элементларининг систематик ёндашувсиз вужудга келмоқда. Одатда, ҳар бир кўрсатилган қонунлар асосида муҳим талабларга доимо ҳам жавоб бермайдиган қонун ости ва ички маъмурий актлар қўлланилади.

Бундан ташқари, турли давлат органларининг хизмат кўрсатиш жараёнида ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича аниқ, тушунарли ва имкони борича оддий тартибини ишлаб чиқиш жиддий эътиборни талаб қилади. Давлат хизматларини кўрсатиш тартибларини ишлаб чиқиш жараёнида қонуний актнинг муаллифи одатда юридик техника ва ўзи фаолият юритаётган давлат органининг талабларини инобатга олади, шу сабабли унда давлат хизматлари кўрсатиш тартиби бўйича умумий талаблар йўқ.

Давлат хизматларини кўрсатишни тартибга солувчи норматив қонунларда одатда ариза топширувчи шахс, унинг келажакдаги фаолияти (лицензиялаш), зарур ҳужжатлар бўйича бўлган талаблар кўрсатилиб, шу каби шахсларга нисбатан сиртқи ҳаракатлар амалга оширилади. Мисол учун, тамаки хом ашёсини ферментациялаш ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқиш фаолиятини лицензиялаш хизмат кўрсатиш тартибини кўзда тутади. Аммо низомда фақатгина ҳужжатлар ва ариза топширувчи шахсга бўлган талабларгина белгиланган ва унда айтилишича, ариза ишчи гуруҳи томонидан тайинланган комиссия томонидан кўриб чиқилади ва қарор қабул қилинади. Унда аризани кўриб чиқиш тартиби, муддати, комиссия тузиш тартиби, лицензияловчи орган томонидан ариза кўриб чиқиш муддати ўтиб кетган ҳолдаги вазиятлар белгиланмаган ва шикоят қилиш тартиби кўрсатиб ўтилмаган. Бунга кўра, давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида давлат органлари учун ички жараённи тартибга солиш механизмлари мавжуд эмас. Бу каби масалалар маъмурий жараёнлар бўйича қабул қилинган қонунлар билан ҳал қилинади.

Хизмат кўрсатиш давридаги ариза берувчи шахснинг қонунчилик талабларига жавоб бермаган ҳужжатларини қайтариш тартиби жиддий эътиборни талаб қилувчи асосий амалий жараёнлардан биридир. Тўлиқ бўлмаган ҳужжатлар хизмат кўрсатишни рад қилиш учун асос бўлиб келмоқда . Шу асосда қайтарилган ҳужжатлар ариза берувчи шахс тузатишлар киритилган ҳужжатлар тўпламини давлат органига кўриб чиқиш божларини тўлаш ёки тўламаган ҳолда қайтадан топширишга мажбурдир. Шундай вазият вужудга келяптики, бунда битта ариза бўйича топшириш ва кўриб чиқиш билан боғлиқ иккита юридик ҳаракат кузатилмоқда. Бундай ҳолатда, тўлиқ бўлмаган ҳужжатлар тўплами хизмат кўрсатишни рад этиш учун асос эмаслиги ва ариза берувчи шахс тузатишлар киритилган ҳужжатлар тўпламини қайтадан топшириш ҳуқуқини давлат хизматларини кўрсатиш тартибига оид барча қонуний ҳуқуқий актларда белгилаш таклифлари киритилмоқда. Шу билан бирга, тўлиқ бўлмаган ҳужжатлар тўплами бошланғич поғонада - яъни, ариза ва ҳужжатлар қабул қилиш поғонаси, ундан сўнг давлат органи томонидан ҳужжатлар тўлиқ эмаслиги асосида уларни қайтариш ҳуқуқи йўқотилади - аниқланиши мақсадга мувофиқ бўларди. Нотўғри ёки ёлғон маълумотлар тақдим этиш бунга кирмайди ва бу каби ҳолатлар якка тартибда қонунбузарлик сифатида кўрилади. Шу билан бирга, ариза берувчининг ҳужжатларни тўлдириш учун кетган муддати хизмат кўрсатиш муддатига киритилмайди ва тўлиқ ҳужжатлар тўплами топширилгандан сўнггина қайта тикланади.

Сифатли Давлат хизматларини кўрсатишда маъмурий жараёнлар ўрнатилган умумий тартиб, муддатлар, ҳужжатлар рўйхати, ноқонуний ҳаракатлар бўйича шикоят қилиш, давлат хизматлари бўйича талабгордан мурожаат олган давлат органларининг ички фаолиятларини тартибга солишни аниқ кафолатлаш орқали жуда муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кундаги давлат хизматларини кўрсатиш амалиётида қатор камчиликлар кузатилмоқда. Бу асосан давлат хизматларига тегишли бўлган барча жараёнларнинг аниқ тартибга солинмаганлиги билан боғлиқ (ташқи муносабатларда -давлат органи ва ариза топширувчи орасидаги муносабатлар ва шу билан бирга ички идоравий муносабатларда - давлат органларининг ички фаолиятида).

Албатта, юқорида келтирилган барча масалалар жиддий эътиборни ва норматив тартибга солишни талаб этиб, “Маъмурий жараёнлар” ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши (2015 йилнинг 9 декабрида Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган “Электрон ҳукумат” Қонуни билан бир қаторда) ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилади. “Маъмурий жараёнлар” бўйича қабул қилинган Қонун давлат органларининг фаолиятини тушунарли ва оддий равишда тартибга солиш имкониятини яратади (“мураккаб” давлат хизматларини кўрсатишда идоралараро ҳамкорлик масалаларини ҳам қамраб олган ҳолда) ва энг муҳими, фуқаролар учун давлат хизматларидан фойдаланиш тушунарлироқ ва енгилроқ кўринишга эга бўлиб, бу ўз навбатида ишбилармонлик секторининг ривожига сезиларли туртки бўлиб хизмат қилади.

Муаллиф: Хамидов Илхом Эркинович, БМТТД «Электрон хукуматни ривожлантириш орқали давлат хизматлари сифатини ошириш» лойиҳасининг Ҳуқуқий масалалар бўйича мутахассиси, Тошкент давлат юридик университетининг мустақил изланувчиси.