Ўзбекистон | 06:58 / 27.01.2016
3203
2 дақиқада ўқилади

Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси берган матбуот-анжуманда германиялик аёллар футболи мураббийи Моника Штаб ҳам иштирок этди

Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг 26 январдаги матбуот-анжуманида Германия ва Ўзбекистоннинг 2015 йилдаги ҳамкорлиги ҳақида маълумотлар берди ва жорий йилдаги режалари билан ўртоқлашди.

Матбуот-анжуманда Ўзбекистонга аёллар футболи бўйича мураббийларнинг малакасини ошириш бўйича мастер-класслар ва семинарлар ўтказиш учун келган немис футбол мураббийи, аёллар футболи бўйича ФИФА эксперти Моника Штаб ҳам иштирок этди.   

Моника Штаб “Франкфурт” аёллар жамоасининг мураббийи сифатида 1999 йилдан 2003 йилгача 4 марта Германия чемпионати ва беш марта Германия кубоги ҳамда бир марта, яъни 2002 йилда аёллар ўртасида УЕФА Чемпионлар Лигаси соҳиби бўлган.

“Бу менинг Ўзбекистонга иккинчи ташрифим. Биринчиси 2010 йилда бўлган, мен ўшанда сизнинг мамлакатингизга ФИФА лойиҳасининг маслаҳатчиси сифатида келгандим. Мен Ўзбекистонда аёллар футболи ривожланишида охирги йилларда юз берган ижобий ютуқларни мамнуният билан қайд қилишим мумкин”, деб айтди Моника Штаб.

“Асосийси, мен сизнинг давлатингиз аёлларида бугун кунда аёллар футболи билан шуғулланишга имконият мавжудлигини кўрмоқдаман ва улар буни яхши қила оладилар”, деб таъкидлаб ўтди немис мутахассиси.

Немис мутахассисининг фикрича, Ўзбекистонда аёллар футболини ривожлантириш учун иккита масалани ҳал қилиш керак: клубларнинг барқарор молиялаштирилишини таъминлаш ва 16 ёш ва ундан ҳам эртароқ ёшдаги ўсмирлар жамоалари билан ишлашни йўлга қўйиш керак.

Бугунги кунда Ўзбекистон аёллар футболида олий дивизионда 12 та жамоа, 1-дивизионда эса 6 та жамоа иштирок этади.