Жамият | 21:25 / 27.01.2016
5102
2 дақиқада ўқилади

Россиялик қўшиқчи Валериянинг ўлими ҳақида ёлғон ахборот тарқатган “Украина ОАВси” Гонконгда рўйхатдан ўтгани маълум бўлди

25 январда россиялик қўшиқчи Валериянинг Смоленскда йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлгани ҳақида ёлғон ахборот тарқатган “Информационный портал Украины” интернет-сайти Гонконгдан рўйхатдан ўтгани маълум бўлди.

Валерия ва унинг турмуш ўртоғи Иосиф Пригожин ўзларининг ўлимлари ҳақидаги ёлғон ахборотни рад этишга мажбур бўлганлар. Улар Instagram’даги аккаунтларида “Украина ОАВсини” ёлғон ахборот тарқатишда айблаганлар. Ўз навбатида бу ёлғон ахборотни тарқатган Россиянинг кўпчилик нашрлари ҳам асл манбани эътиборга олмай, қандайдир “Украина ОАВлари”га иқтибос келтирган.

Маълумотларга кўра, бу портал Domain ID Shield Service CO., Limited компанияси томонидан рўйхатдан ўтказилган. Бу компания интернет-сайтлар эгалари ҳақида реал маълумотларни беркитиш бўйича хизмат кўрсатишга ихтисослашган. Порталнинг ўзида у ҳақда на бирор бир контакт маълумотлар, на ОАВ сифатида рўйхатдан ўтгани ҳақида эслатма бор. Порталнинг номидан бошқа унинг Украинага ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Портал ҳар куни ёлғон янгиликлар чоп этиб боради. Унда Россияга қарши қаратилган кўплаб янгиликлар чоп этилади. Хусусан, фақатгина охирги кунларнинг ўзида портал қўшиқчилар Иосиф Кобзон, Николай Расторгуев ўлими, Россияда авиаҳалокат содир бўлгани, Донецкда гриппдан юзлаб айирмачилар ҳалок бўлгани, Ўрта Ер денгизида Россияга қарашли сув ости кемасининг фалокатга учраши ва бунинг оқибатида 153 денгизчи ҳалок бўлгани, Россия ҳарбийларининг Донецк яқинидаги Марьинка шаҳрига киргани ва Украина армияси билан жанг қилгани ҳақида ёлғон-яшиқ маълумотлар тарқатилган.