Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Facebook’нинг 2015 йил 4-чорагидаги даромади 1,56 млрд долларни ташкил қилди
АҚШнинг Facebook компаниясининг 2015 йил 31 декабрда якунланган молиявий чоракдаги даромади 1,56 млрд долларга етди. Бу ҳақда компания вакиллари маълум қилдилар.
Бу рақам компаниянинг 2014 йил 4-чорагида олган даромадидан 2 баробар кўпроқни ташкил қилди. Компаниянинг 4-чоракдаги умумий тушуми 5,84 млрд долларни ташкил қилди ва бир йил ичида 2 млрд долларга ошди.
Facebook томонидан тақдим қилинган маълумотларга кўра, 2015 йил декабрь ойида ижтимоий тармоқнинг ўртача бир кунлик аудиторияси 1,04 млрд фойдаланувчини ташкил қилган, бу 2014 йил декабридаги кўрсаткичдан 17 фоиз кўпроқ бўлган.
“Ижтимоий тармоғимиз фойдаланувчилари сони ошиб бормоқда ва бизнинг бизнес гулламоқда. 2015 йил Facebook учун ажойиб йил бўлди”, деб айтди компания асосчиси ва эгаси Марк Цукерберг.
Facebook дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқлардан бири бўлиб, 2004 йил 4 февралда Цукерберг ва унинг Гарвард университети бўйича 3 та курсдоши томонидан ташкил этилган. Компаниянинг бош қароргоҳи Калифорния штатидаги Менло-Парк шаҳрида жойлашган.