Ўзбекистон | 22:02 / 28.01.2016
4518
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш тизимини ривожлантириш учун 130 млн доллар сарфланди

Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш тизимини ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича 2011-2015 йилларга мўлжалланган 130 млн долларлик дастур амалга оширилди, деб 28 январда Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида маълум қилинди.

Дастур доирасида сиғими 77,8 минг тоннани ташкил қилувчи 114 та янги музлатгич камералари яратилди ва модернизация қилинди. Дастур тижорат банкларининг 68,5 млн долларлик маблағлари ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва транспортировкалаш билан шуғулланувчи компанияларнинг 61,5 млн долларлик маблағлари ҳисобига молиялаштирилди.

Вазирликнинг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда мева-сазбавот маҳсулотларини сақлашнинг умумий қуввати 832 минг тоннагача етказилди, бу эса йил давомида мамлакатимиз аҳолисини қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг асосий турлари билан узлуксиз таъминлаш, унинг экпортини ошириш, нархларни барқарор сақлашга имкон беради.

2015 йил натижаларига кўра, Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 6,7 фоизга, яъни 12,6 млн тоннагача, полиз экинларининг ҳажми эса 1,8 млн тоннагача (5,9 фоизга ошган), узум маҳсулоти ҳажми 1,56 млн тоннагача (11,4 фоизга ошган) етказилди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, бу ҳажмдан фақатгина 500-700 минг тоннасигина МДҲ давлатларига, асосан Россия ва Қозоғистонга экспорт қилинади.