Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда ёшларнинг стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастури ишга тушди
БМТТД ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг "Ўзбекистон бизнес-форуми (III босқич)” лойиҳаси пойтахтимизнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастурини бошлаб юборди. Бу ҳақда БМТТДнинг Kun.uz`га тақдим этган пресс-релизида сўз боради.
Унда айтилишича, стартап ташаббусларни яқиндан қўллаб-қувватлаш дастури талабалар ва ёш олимлар учун ўз стартапларини амалга ошириш ва тадбиркорлик соҳасида ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун имкониятлар яратади.
Ўзбекистон Республикасида Президентимиз ташаббуси билан Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш натижасида қисқа тарихий давр мобайнида мамлакатимиз таълим тизимида нафақат шаклий, балки моҳият жиҳатдан ҳам туб ўзгаришлар юз берди. Бугунги кунда Ўзбекистонда 73 олий таълим муассасаси, шу жумладан 66 давлат олий таълим муассасаси ва 7 нуфузли хорижий университетининг филиаллари фаолият олиб бормоқда.
Ҳозирги кунда олий таълим муассасалари жамият ривожланиши учун инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқарадиган ғоялар ва технологиялар “ўчоғи” ҳисобланади. Шу билан бир вақтда, ҳали ишга солинмаган салоҳият ҳам мавжуд. Бу маънода кўп олий таълим муассасаларида талабалар ва ёш олимларнинг эрта босқичлардаги кичик инновацион стартап лойиҳаларни рағбатлантириш ва ривожлантиришга кўмаклашувчи самарали механизмлар ишга солинмаяпти.
Ушбу масаланинг ечимини янада такомиллаштириш учун стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастури ишга туширилди. Тажрибавий лойиҳа тариқасида бошланган дастур Тошкентнинг 15 дан ортиқ олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ёш олимлар ва талабаларни инновацион тадбиркорликни ривожлантиришда фаол иштирок этишга жалб қилади.
Лойиҳа иштирокчиларга стартап ғояларни амалга ошириш кўникмаларини эгаллаш, якка тартибда бизнес-мураббийнинг маслаҳатларини олиш, лойиҳа доирасида кўзланган маҳсулот ёки хизматнинг минимал ишчи моделини ишлаб чиқиш ва синаш ҳамда истиқболдаги инвесторларга ўз лойиҳаларини тақдим қилиш имкониятини яратадиган бепул уч ойлик изчил дастур ҳисобланади. Дастурда қандай иштирок этиш мумкин, лойиҳаларни танлаш мезонлари ва иштирокчиларга қўйиладиган талаблар ҳақида маълумот: http://startup.chamber.uz/ веб-сайтида жойлаштирилган.
Стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш дастурининг ўзига хос иш усулларини ҳисобга олиб, ривожланишнинг эрта босқичларидаги стартапларга кўмаклашнинг бу модели Ўзбекистон олий таълим муассасаларида кенг миқёсда жорий этилиши, шунингдек, олий таълим муассасаларининг хусусий сектор билан ўзаро ҳамкорлик тизими ва механизмларини такомиллаштиришни, ишлаб чиқариш ва олий таълим интеграциясини таъминлаши, янги малакали иш ўринлари яратиши кутилмоқда.
Мазкур ташаббус янги иш ўринларини яратиш, ёшлар бандлигини ошириш ва аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган инклюзив бизнес-моделларини ривожлантириш иши доирасида “Сасол” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Буюк Британиянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонасининг молиявий кўмагида амалга оширилади.
***
“Ўзбекистон бизнес-форуми (III босқич)” лойиҳаси ССП ва БМТТДнинг қўшма ташаббуси бўлиб, лойиҳа онлайн хизматларни жорий қилиш, меъёрий-ҳуқуқий асосни такомиллаштириш ҳамда инклюзив бизнес-моделларни ривожлантириш орқали мамлакатда қулай бизнес-муҳитини шакллантиришга қаратилган.