Жамият | 21:34 / 28.01.2016
3099
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда фонограммадан фойдаланишни тақиқлаб қўйишмоқчи

Қирғизистонда фонограммадан фойдаланиш тақиқлаб қўйилиши мумкин. Бу ҳақда 24.kg ахборот агентлигига Қирғизистон маданият, ахборот ва туризм вазири Алтинбек Максутов маълум қилди.

Максутовнинг таъкидлашича, бу ташаббус тегишли тузилмалар ва маданият арбоблари билан муҳокама қилинмоқда. “Биз барча фикрлар ва таклифларни йиғмоқдамиз, чунки бу кўпчиликка тааллуқли бўлади. Бироқ истеъдодли кишиларни аниқлаш учун фонограммадан фойдаланишдан воз кечиш керак”, деб айтди вазир.

Вазирнинг айтишича, ҳозирда кўплаб артистлар тадбирни телевидение оляпти дея рўкач қилиб, “фанера”дан фойдаланиш учун қулай баҳонадан фойдаланишмоқда. “Мисол учун мен “Ак-Шоол” болалар ижодий гуруҳининг концертида бўлдим. Концертнинг ўзи ажойиб бўлди, бироқ фонограмма янгради, мен эса болаларнинг ҳақиқий, жонли овозларини, уларнинг жўр бўлиб қўшиқ этишларини тинглашни хоҳлагандим. Бироқ уларнинг айтишича, концертни телевидение суратга олаётгани учун шундай қилишларига тўғри келган”, деб сўзини давом эттирди Максутов.

Максутовнинг таъкидлашича, бу баҳона бўла олмайди, чунки анчадан бери тўғридан-тўғри суратга олишда овозни сифатли ёзишга имкон берувчи технологиялар мавжуд. “Россияда анчадан бери жонли овоз билан суратга олишади. Бунинг бизда ҳам имкони бор”, деб таъкидламоқда вазир.

“Хитойда артистларга биринчи, иккинчи, учинчи... мақоми берилмагунча улар асосий саҳналарга чиқа олишмайди. Яъни, у ерда жуда кучли танлов ўтказилади. Биз, албатта бундан қила олмаймиз, бироқ фонограммага тақиқлов ким саҳнага ҳақиқатан ҳам чиқишга лойиқлигини аниқлашга ёрдам беради”, деб ўз сўзини якунлади Максутов.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш