Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ер атрофини бир соатда айланиб чиқа олувчи самолёт яратиш ғояси таклиф қилинди
Bombardier самолётсозлик корпорацияси асосчиси, муҳандис ва дизайнер Чарльз Бомбардье айни вақтдаги мавжуд технологиялар ва ютуқлар йўловчиларни Нью-Йоркдан Лондонга 11 дақиқада етказа оладиган ёки Ер атрофини бир соатда айланиб чиқа оладиган гипертовушли самолёт яратишга имкон беради, деб айтмоқда.
Таклиф қилинган ғояга кўра, Antipode деб номланган лайнер қанотларига маҳкамланадиган кўп маротаба фойдаланиш мумкин бўлган, ажралувчи ракета тезлаштиргичларидан фойдаланган ҳолда исталган аэродромдан уча олади. Лайнер 12 минг метр баландликка кўтарилгач, 6000 км/соат тезликка эришгандан кейин, тезлаштиргичлар самолётдан ажралади ва мустақил равишда учиш майдончасига қайтади.

Ундан кейин борт компьютери самолётни 28800 км/соат тезликкача тезлаштириш учун гипертовушли реактив двигателни ишга туширади.
Қанотлар ва корпуснинг тумшуқ қисми қизиб кетмаслиги учун тумшуқ қисмидаги сопло ва қанотларнинг олд четларидаги соплоларга товуш тезлигидан юқори тезликда кирувчи ҳаво оқимидан фойдаланиш таклиф қилинмоқда.
Ғоя муаллифининг фикрича, Antipode’нинг йўловчилари сони 10 кишидан кўп бўлмаслиги керак. Бундан ташқари, самолёт нафақат фуқаролик, балки ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин.

Бироқ “қушча”нинг ўзи арзон бўлмайди. Бомбардьенинг ҳисоб-китобларига кўра, бундай самолётнинг бир донаси 150 млн долларга айланади.
