Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон президенти: Ғарб Сурия халқи ўрнига қарор қабул қилишга ҳақи йўқ
Ғарб давлатлари Сурия қандай йўл билан бориши борасида Сурия халқи ўрнига қарор қабул қилишга ҳақи йўқ. Шундай фикрни Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Франциянинг France 24 телеканали, Le Monde газетаси ва France Culture радиостанция тарқатган интервьюда билдирди.
“Сурия халқи Башар Асад билан бўлиши кераклиги-йўқлигини муҳокама қилиш Суриядаги ҳақиқий вазиятни акс эттирмайди. Бу масала узоқ муддатли истиқболдагина вужудга келиши мумкин. Ғарб давлатлари эса улар Сурия халқи учун қарор қабул қилишга ҳақлари йўқлигига кўникишлари лозим бўлади”, деб айтди Руҳоний.
Руҳонийнинг айтишича, “Сурияда авваламбор хавфсизликни тиклаш лозим”. “Акс ҳолда, мамлакатнинг 60 фоиз ҳудуди террорчилар томонидан босиб олинган бир шароитда чинакам сайловларни ташкил қилиш мумкинми? Бундай вазиятда қандай қилиб мамлакатнинг келажаги ҳақида режалар тузиш мумкин?”, деган савол билан юзланди Эрон президенти.
“Террорчиликка қарши кураш барчасининг асоси бўлиши керак. Сурияда жиноят содир этаётганлар террорчилардир. Улар оммавий равишда одамларни ўлдирмоқдалар. Айнан улар ҳақиқий жинотчилардир. Уларни йўқ қилиш лозим”, деб таъкидламоқда Руҳоний.
“Сурия ҳукуматининг келажаги борасида гапирадиган бўлсак, қисқа муддатли истиқболда Башар Асаднинг ҳокимият тепасида бўлишидан бошқа ечим йўқ. Агар биз террорчиликни йўқ қилмоқчи бўлсак, унда барқарор фаолият юритувчи марказий ҳукуматсиз ўз вазифаларини бажара олмайдиган Сурия армиясига ёрдам беришимиз лозим”, деб айтди Эрон президенти.
Руҳонийнинг фикрича, Сурия муаммоси “барчадан саъй-ҳаракатларни талаб қилади ва барча учун устувор вазифа бўлиши керак”. Унинг фикрича, Суриядаги ислоҳотларни тинчлик ва барқарорлик учун муносиб шароитларни яратиш учун террорчиликни йўқ қилишдан бошлаш керак, бу эса мамлакатга қочқинларнинг қайтишига имкон беради. Шундан кейингина конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш лозим.