Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ироқ U-23 Осиё чемпионатида 3-ўрин учун баҳсда Қатарни енгди ва Олимпиада йўлланмасига эга чиқди
29 январь куни U-23 Осиё чемпионатида Ироқ ва Қатар олимпия терма жамоалари ўртасида учинчи ўрин учун баҳс кечди. Бу баҳс якунида Ироқ олимпия терма жамоаси мезбонларни енгиб, Рио-2016 йўлланмасини қўлга киритди.
Қатарликлар биринчи бўлимни жуда яхши ўтказишди. Мусобақа тўпурари Аҳмад Алауддин учрашувнинг 27-дақиқасида ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Бу Аҳмаднинг турнирдаги 6-голи бўлди. Ушбу голдан кейин ҳам мезбонлар дарвозани ишғол қилиш учун бир нечта имкониятларга эга бўлди, аммо улардан фойдалана олмади. Жумладан Аҳмад Афиф яккама-якка вазиятдан дарвозани ишғол қила олмади.
Иккинчи бўлимда эса Ироқ аста-секин босимни ошириб борган бўлса, Қатар ҳисобни ушлаб қолишга ҳаракат қилди.
Ўйиннинг асосий вақти тугашига 4 дақиқа қолганида майдон марказидан етказилган узатмани Муҳаннад Абдулраҳим бош билан дарвозага жойлади - 1:1.
Қўшимча бўлимларнинг иккинчисида Айман Ҳуссайн бош билан зарба бериб, Ироқни ҳисобда олдинга олиб чиқди - 1:2.
Шундан сўнг, қатарликлар ҳисобни тенглаштириш учун иккита имкониятга эга бўлишди. Абдулкарим Ҳассаннинг бош билан берган зарбаси тўсинга тегиб қайтган бўлса, Мунтарий 4-5 метрдан дарвозани ишғол қила олмади.
Шу тариқа, ўйинда ҳисоб ўзгармади ва Ироқ олимпия терма жамоаси Осиё чемпионатининг бронза медали билан бирга Рио-2016 олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритди.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон олимпиячилари ўрин олган "С" гуруҳининг икки вакили якунда Бразилия майдонларида ўтказиладиган олимпиада йўлланмасига эга бўлди.
Ёшлар (U23) ўртасида Осиё чемпионати
3-ўрин учун ўйин
Қатар - Ироқ - 1:2
Голлар: Аҳмад Алауддин (27) — Муҳаннад Абдулраҳим (86), Айман Ҳуссайн (109)