Ўзбекистон | 11:55 / 29.01.2016
7588
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда Хитойнинг жаҳонга машҳур Minglong компанияси бренди остида сунъий толали тикув иплари ишлаб чиқарилмоқда

Жиззах эркин саноат зонаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган «Luxury Furniture Business» масъулияти чекланган жамияти томонидан импорт ўрнини босувчи сунъий толали тикув иплари ишлаб чиқарила бошланди. Хитойнинг жаҳонга машҳур Minglong корпорацияси патенти қўлга киритилган бўлиб, ушбу бренд остида ишлаб чиқарилаётган сифатли, экспортга йўналтирилган ва рақобатбардош маҳсулотлар нафақат ички, балки ташқи бозорларда ҳам ўз харидорларини топиб улгурди.

Ўзбекистондаги тикув фабрикаларини замонавий технологиялар, дунё ишлаб чиқарувчиларининг энг илғор тажрибаларини қўллаган ҳолда тайёрланган импорт ўрнини босувчи сифатли ва арзон нархлардаги сунъий толалали иплар, шунингдек, тикув фурнитуралари (ёрдамчи материаллар), аксессуарларнинг бой ассортиментлари билан таъминлаш борасида корхонада кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Хитойнинг «Shanghai Songhai Industrial Trading Corporation», «Ruian Ruipai Machinery Co. Ltd» и «Ningbo Dingming Machinery Manufacturing Co Ltd» компанияларининг 327 520 долларлик ускуналари ўрнатилди. Лойиҳанинг умумий қиймати эса 650.000 АҚШ долларини ташкил этди. Корхона тўлиқ қувватда фаолият кўрсатса, йилига 5 миллион долларлик маҳсулотларни ишлаб чиқариб, Ўзбекистон экспорт салоҳиятининг янада ортишига, тайёр маҳсулотлар эса МДҲ ва жаҳон бозорларини эгаллашига хизмат қилади.
Айни пайтда корхона йилига 540 минг килограмм сунъий ип, 144 минг метр2 страз (суньий қимматбаҳо тош), 1 миллион 800 минг метр металли ва 3 миллион 600 минг метр пластикли тўлқинсимон илгакли тугма (застёжка-молния), шунингдек, 288 минг килограмм БОПП-плёнка (биаксиал-ориентрланган полипропилен плёнка) ишлаб чиқариш салоҳиятига эга.

Таъкидлаш жоизки, корхонанинг асосий хорижий ҳамкори – «Yiwu Mingrong Thread Industry CO.LTD» компанияси (Хитой) маҳсулотларни МДҲ давлатларига экспорт қилишда шерикчилик қилиб келмоқда. Мазкур компания ўзининг узоқ йиллик фаолияти давомида кўплаб мамлакатлар, шу жумладан, МДҲ давлатларига ўз маҳсулотларини етказиб бериш бўйича катта тажриба тўплаган.