Жаҳон | 09:21 / 29.01.2016
3071
2 дақиқада ўқилади

Мехикода 4,5 миллиондан ортиқ киши бир неча кун давомида сув таъминотисиз қолади

Мексика пойтахти Мехико шаҳри аҳолисининг 4,5 миллиондан ортиқ қисми бир неча кундан кейин ичимлик суви таъминотидан узилиб қолади. Шунингдек, шаҳар атрофида яшайдиган 800 мингга яқин киши сувсиз қолади. Бунга марказий "Кутцамала" сув таъминотида таъмирлаш ишлари олиб борилиши сабаб бўлади.

"Қувурлар жуда эскириб кетган. Уларни таъмирламаса бўлмайди. Биз йилнинг бу вақтида сувга эҳтиёж нисбатан кам бўлиши туфайли таъмирлаш ишларини ўтказиб олишга қарор қилдик", дейди махсус комиссия раҳбари Роберто Рамиреса де ла Парру Нотимекс агентлигига берган интервьюсида.

У "Кутцамала" сув тизимидан 40 йилдан ортиқ вақт давомида узлуксиз фойдаланиб келинганини, шунинг учун аҳвол оғир даражага етганини айтган.

"Авария ҳолатини жорий қилиб, узоқ бўлмаган вақтга унинг ишини тўхтатиш керак бўлади", дейди де ла Парра.

Унинг айтишича, 29-30 январь кунлари шаҳар аҳолиси учун "энг оғир кунлар" бўлиши мумкин.

Кенг кўламли таъмирлаш ишлари учун ҳукумат 500дан ортиқ махсус техникани жалб қилади.

Таъмирлаш ишлари 1 февраль кунигача амалга оширилиши, шундан сўнг Лотин Америкасининг энг йирик шаҳарларидан бири бўлмиш Мехикода ҳаёт яна аввалгидек давом этиши айтилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш