Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Покистоннинг энг йирик шаҳри Карачи электр энергиясиз қолди
29 январда Покистон охирги йилларда дуч келаётган энергетик инқироз яна бир бор ўзи ҳақида эслатди – мамлакатнинг энг йирик шаҳри Карачи бутунлай электр энергиясиз қолиб кетди. Жамшоро аҳоли пункти ҳудудида электр узатиш линиясида авария содир бўлиши оқибатида Покистоннинг бу саноат ва молиявий маркази том маънода фалажланиб қолди. Бу ҳақда “Гео ти-ви” телеканали маълум қилди.
Айни пайтда электр шаҳарнинг кўпчилик туманларига берилмаяпти: шаҳарнинг 70 фоиздан кўпроғи электрсиз қолган. Дастлабки маълумотларга кўра, электр узатиш линиясидаги туташув бу ҳудудлар учун йилнинг шу вақтига хос бўлган тўхтамаётган туманлар сабабли юзага келган юқори намгарчилик туфайли юзага келган.
Оқибатда шаҳардаги кўпчилик корхоналар, идоралар, дўконлар ёпилди ёки уларнинг эгалари энергия таъминотининг минимал даражасини таъминлаб туриш учун электрогенераторлардан фойдаланишга мажбур бўлганлар. Авария, шунингдек, шаҳарга ичимлик суви узатилишида ҳам жиддий узилишларни келтириб чиқарди.
Маълумотларга кўра, айни пайтда мутахассислар электр таъминотини тиклаш учун жойда иш олиб боришмоқда. Уларнинг айтишича, шаҳардаги электр таъминотини тиклаш учун 48 соат вақт талаб қилиниши мумкин.
Охирги бир неча ой давомида Карачи шундай авариялар сабабли биринчи марта электр энергиясиз қолаётгани йўқ. Шунга ўхшаш узилишлар мамлакат пойтахти Исломободда ва бошқа шаҳарларда ҳам кузатилган.
Кўпчилик мамлакатдаги энергия таъминотидаги ёмон вазиятни мамлакат бош вазири Навоз Шариф бошчилигидаги ҳукуматнинг ноэффектив иши билан боғлашмоқда.