Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида газ ташувчи машина поезд билан тўқнашиб кетди
28 январда Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида темир йўлнинг Манғишлак–Бейнеу қисмидаги 6-разъезд яқинида соат 16.30 да газ ташувчи машина ҳайдовчиси айби билан “Манғишлак-Олмаота” йўналиши бўйича кетаётган 377-йўловчи поезди билан тўқнашув содир бўлди. Бу ҳақда “Казахстан темир жоли” миллий компанияси матбуот хизматида nur.kz порталига маълум қилинди.
Поезд машинистининг айтишича, газ ташувчи машина переездда поезд ўтиб кетишини кутиб турган бўлган. Машина ҳайдовчиси поезд яқинлашаётган пайтда бирданига ҳаракатланишни бошлаган. Поезд машинисти 50 км/соат тезликда фавқулодда тормозланишни қўллаган, бироқ масофа кичик бўлгани сабаб тўқнашувдан қочишнинг иложи бўлмаган.
Тўқнашув оқибатида локомотивнинг биринчи секцияси шикастланган. Переезд сигнализацияси қурилмаси соз ҳолда бўлган. Ёнғин чиқмаган.
Газ ташувчи машина ҳайдовчиси ҳалок бўлган, машинист ёрдамчиси жароҳат олган. Ушбу ҳолатни тергов қилиш ва тўқнашув оқибатларини бартараф қилиш учун воқеа жойига Манғистау йўл бўлими корхоналари раҳбарлари етиб келганлар.
Гувоҳлардан бирининг айтишича, машинист тўқнашувдан олдин узоқ сигнал чалган. Бироқ газ ташувчи машина ҳайдовчиси тўхтамаган. Поезд машинага урилиб, уни 40 метрларга судраб кетган. Газ цистернасида тешик ҳосил бўлган, бироқ портлаш юз бермаган. Гувоҳнинг айтишича, воқеа жойида кучли газ ҳиди сезилган.
Поезд машинисти Арап Агатаев ёнғин чиқишининг олдини олиш учун пачоқланган локомотивдан чиқиб, тепловоз секцияларини иккинчи секциясидан ажратиб, поездни хавфсиз масофага олиб кетган.
“Бу пайт мен фақатгина йўловчиларнинг хавфсизлиги ҳақида ўйладим. Бу мен учун энг асосийси эди”, деб айтмоқда машинист. Локомотив алмаштирилгандан кейин йўловчилар ўз йўлларини давом эттирганлар.