Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Reuters: A321 бортига бомбани ИШИД аъзоси ҳисобланган EgyptAir механиги жойлаштирган
Reuters агентлиги ахборот манбасининг маълумотларига кўра, ҳукумат Россиянинг А321 самолётига бомбани EgyptAir авиакомпанияси механиги жойлаштирганини гумон қилмоқда.
Вазиятдан бохабар ахборот манбасининг хабарига кўра, EgyptAir ишчиси ИШИДдан олган портловчи қурилмани самолёт бортига жойлаштирган. Унинг эгизак акаси эса Сурияда ИШИД террористлари сафида жанг олиб бормоқда.
“Унга ҳеч қандай савол бермасдан бомбани самолёт бортига жойлаштириш айтилган”, - деди ахборот манбаси.
Бундан ташқари, терактга шубҳали буюмни самолёт бортига олиб чиқилишига кўз юмган икки полициячи ҳам суроқ қилинмоқда. Хабарларга кўра, мазкур иш юзасидан тўрт киши қўлга олинган.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 31 октябрь куни Мисрнинг Шарм-ал-Шайх шаҳридан Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига парвоз қилаётган “Когалымавиа” авиакомпаниясига тегишли Airbus A321 самолёти Мисрнинг Синай ярим ороли ҳудудида ҳалокатга учраган эди. Ушбу ҳодиса натижасида самолёт бортидаги барча 217 йўловчи ҳамда етти нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган.
17 ноябрга келиб ФХХ самолёт бортида теракт содир этилганини тасдиқлади.