Иқтисодиёт | 10:31 / 30.01.2016
4595
2 дақиқада ўқилади

Бразилиянинг 2015 йил натижаларига кўра давлат қарзи ЯИМнинг 66,2 фоизини ташкил қилди

Бразилиянинг 2015 йил натижаларига кўра давлат қарзи рекорд даражага, яъни мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 66,2 фоизига етди. Бу ҳақда Бразилия Марказий банки маълум қилди.

Миллий банк маълумотларига кўра, Бразилия иқтисодиётининг давлат сектори олган даромадидан 27,8 млрд долларга кўпроқ маблағ сарфлаган. 2014 йил декабрига нисбатан Бразилия давлат қарзи ЯИМга нисбатан 9 фоизга ошган. Бу миқдор Миллий банк 2006 йилдан тегишли статистикани олиб боришни бошлагандан бери бу кўрсаткичнинг сезиларли ёмонлашишини намоён қилди.

Бразилиянинг 2015 йил натижаларига кўра федерал бюджети камомади 28,75 млрд долларни ташкил қилган, бу охирги 19 йил ичидаги энг ёмон кўрсаткич бўлди. 2014 йилда бу кўрсаткич 4,3 млрд долларни ташкил қилганди.

Халқаро валюта жамғармасининг 19 январда эълон қилган прогнозига кўра, Бразилия
иқтисодиётининг қисқариши 2016 йилда 3,5 фоизни ташкил қилиши мумкин. 2015 йил натижаларига кўра, бу кўрсаткич 3,8 фоизни ташкил қилган.
2017 йилда Бразилия иқтисодиёти пасайишда тўхтатиши керак, бироқ ўсишни ҳам намойиш қилмайди, прогнозга кўра, 2017 йилда ўсиш 0 фоизни ташкил қилади.
Жамғарма мутахассисларининг фикрича, Жанубий Американинг энг йирик мамлакатида иқтисодий пасайиш “аввал кутилгандан анча чуқурроқ ва давомийроқ бўлди”.