Спорт | 08:59 / 30.01.2016
5902
2 дақиқада ўқилади

ФИФА Испаниянинг “Реал” ва “Атлетико” клубларига янги ўйинчиларни рўйхатдан ўтказишга тақиқловни тўхтатди

ФИФА Мадриднинг “Реал” ва “Атлетико” клубларига янги ўйинчиларни рўйхатдан ўтказишга тақиқловни кейинги икки трансфер даври учун тўхтатди. Бу ҳақда As нашри хабар бермоқда.

Бу қарор ФИФА апелляция қўмитаси якуний ҳукмни чиқармагунча амал қилади.

Аввалроқ ФИФА “Атлетико” ва “Реал”га балоғатга етмаган футболчиларни заявка қилишдаги қоидаларни бузганлари учун янги ўйинчиларни рўйхатдан ўтказишни тақиқлаб қўйганди. “Атлетико” бу қарор юзасидан ФИФАга шикоят берган, “Реал”нинг муносабати ҳақида ҳеч нарса маълум қилинмаган.

“Атлетико” ва “Реал” ушбу қоидабузарлиги учун мос равишда 900 минг ва 360 минг швейцар франкига жаримага тортилганди. Аввалроқ худди шундай қоидабузарлик учун “Барселона” жазоланганди. Ушбу жазога кўра, “Барселона”га 2016 йилнинг январигача янги футболчиларни харид қилиш тақиқлаб қўйилганди.