Фан-техника | 16:13 / 03.02.2016
7125
2 дақиқада ўқилади

Google муҳандиси ўз ваннаси учун “ақлли” кўзгу яратди

Google муҳандиси Макс Браун ювиниш хонасидаги оддий кўзгуни об-ҳаво маълумотлари, вақт ва янгиликларни кўрсатиб турадиган “ақлли” ойнага айлантирди. Унинг яратилиш жараёни ва тадқиқот натижасини ўз блогида ёритди.

“Ақлли” ойнани ясаш ғояси Брауннинг хаёлига 2015 йил охирида келган эди. Бунинг учун икки томонлама ойна, контроллер платаси ва дисплей панели керак бўлди. Ойна интерфейси эса Android базаси асосида ишлаб чиқилган бўлса, асосий тизим сифатида Fire TV Stick танланди.

“Ақлли” кўзгуда вақт ва сана, об-ҳаво маълумотлари тепа қисмдан жой олган бўлса, пастки томонда Associated Press агентлиги сайтининг энг муҳим янгиликлари чиқиб туради. Ундаги барча маълумотлар автомат равишда янгиланиб туради.  Ойнага овозли буйруқ бериб, интернетдаги маълумотларни қидириш ҳам мумкин.  Брауннинг сўзларига кўра, кўзгу устидаги ишлар ҳали якунига етгани йўқ. У ўз ихтиросини яна бир қатор ғоялар билан бойитмоқчи.