Жаҳон | 22:14 / 05.02.2016
5378
2 дақиқада ўқилади

Довудўғли: Ҳалабдан қочиб чиққан 15 мингга яқин киши Туркия чегарасига етиб келган

Сурия шимолидаги қамал хавфи остида қолган Ҳалаб шаҳрини ташлаб чиққан тинч аҳоли вакиллари Туркия билан чегарада тўпланган. Бу хабар Туркия бош вазири Аҳмад Довудўғли томонидан тасдиқланган.

"Афсуски, Ҳалаб ҳам худди Мўсул каби деярли вайрон бўлди. Айни вақтла бу шаҳардан қочиб чиққан 15 мингга яқин киши бизнинг чегараларимиз яқинида турибди", дейди вазир Мидьят шаҳрида маҳаллий амалдорлар билан учрашув вақтида.

Довудўғли 4 февраль куни Сурия аҳолисига кўмак кўрсатиш учун ташкил қилинган Лондон конференцияси вақтидаги чиқишида Сурия билан чегара ҳудуддаги Килис шаҳрида урушлардан қочиб ўтган 10 минг суриялик яшаётгани, яна 60 мингга яқин қочоқ келиши кутилаётгани ҳақида айтганди.

"Айни вақтда Туркиянинг турли ҳудудларида 2,5 млн қочқин жойлашган. Килис аҳолисининг фақат 40 фоизлик қисми турклар ҳисобланади. Бизда сурияликлар жойлаштирилмаган шаҳар қолмаган. Улар Ҳалаб ва Мадайи шаҳарларининг бомбардимон қилиниши бошланишидан кейин ўлимдан қочиб келишмоқда", деганди у.

Бироз олдинроқ, интернетда мухолиф кучлар назоратида бўлган Ҳалабга Россия кўмагида Сурия ҳукумати армияси юриш қилиши ҳақидаги хабарлар туфайли минглаб кишилар шаҳарни тарк этиб чиқишгани тасвирланган видео пайдо бўлганди.