Спорт | 21:13 / 12.02.2016
4878
3 дақиқада ўқилади

Футзал-2016. Ўзбекистон Қирғизистонни енгиб, чорак финал масаласини ҳал қилди

Футзал бўйича Осиё чемпионатининг 2-турида "А" гуруҳи вакиллари Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўртасида учрашув ўтказилди.

Қирғизистон терма жамоаси ўйин бошида ҳимоявий тактика танлаб, асосий эътиборга қарши ҳужумга қаратди. Натижада турнир мезбонлари уларнинг мудофаасини ёриб ўтишда қийналишди. Қарши ҳужумда рақиб футболчисининг зарбаси Умаров қўриқлаётган дарвоза тўсинига тегиб қайтган бўлса, Шлёма бирга бир вазиятда имкониятдан фойдалана олмади. Биринчи бўлим дуранг билан якунланаётгандек кўринган вазиятда қирғизларнинг ҳужуми пайтида терма жамоамиз дарвозани ишғол қилди. Раҳматов ўнг қанотдан олдинга ўтди ва ўйинг оёқда зарба берди. Тўп дарвозабоннинг оёқлари орасидан ўтиб, тўрга бориб тушди. Бу вақтда биринчи бўлим тугашига 1 сония вақт қолганди.

Иккинчи бўлимнинг бошланиши Ўзбекистон вакиллари учун омадли бўлди. Рақиблар дарвозабони Кирилл Ермолов 4 сония давомида тўпни ўйинга киритишга улгумади ва қирғизистонликларнинг дарвозаси томон 6 метрли жарима зарбаси белгиланди. Ирсалиев етказган узатмани Дилшод Раҳматов дарвозага жойлади.

Иккинчи бўлимнинг иккинчи ярмига келиб қирғизистонликлар аста-секин олдинга ўта бошлашди. Ўйин тугашига 5 дақиқа қолганида улар бешинчи ўйинчи тактикасидан фойдалана бошлашди. Учрашув якунланишига 43 сония қолганида Мақсадбек Алимов ҳисобига гол ёзиб, ўйин ҳисобини қисқартирди.

Ўйинда ҳисоб ўзгармади ва Ўзбекистон иккинчи ўйинда ҳам ғалаба қозониб, муддатидан аввал гуруҳ ғолиблигини қўлга киритди. Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги учрашувни 14 февраль куни Ливанга қарши ўтказади.

Футзал бўйича Осиё чемпионати, "А" гуруҳи, 2-тур
ҚИРҒИЗИСТОН - ЎЗБЕКИСТОН 1:2
Голлар: Мақсадбек Алимов (40) - Дилшод Раҳматов (20, 23)
Қирғизистон: 1.Кирилл Ермолов, 3. Нуржан Жетибаев, 7.Руслан Ермаков, 10.Рустам Ермаков, Эмил Канетов
Захира: 2.Марлис Дегимбаев, 4. Евгений Малинин, 5.Эркин Табалдиев, 6.Дилшод Қодиров, 8.Иляс Чотбаев, 9.Мақсадбек Алимов, 11.Мирланбек Абдуқодиров, 12. Николай Шамонин, 13.Уланбек Байғаз уулу
Ўзбекистон: 1.Рустам Умаров, 2.Дилшод Ирсалиев, 8.Фарҳод Абдумавлонов, 11.Артур Юнусов, 14.Константин Свиридов
Захира: 3.Нодир Элибоев, 4.Феруз Фахриддинов, 5.Даврон Чориев, 6.Жавлон Аноров, 7.Дилшод Раҳматов, 9.Андрей Шлёма, 10.Жамолиддин Шарипов, 12.Акмал Ҳазратқулов, 13.Клим Тюгаев.