Россия компанияси дунёдаги энг яхши вездеходни яратди
Интернетда Петербург компаниясининг Sherp номли қор ва ботқоқликда юра олувчи вездеходи тасвирланган видео пайдо бўлди. Машина Алексей Гарагашьян томонидан лойиҳаланган. Вездеход камида 3 млн 850 минг рублга баҳоланди. Кўплаб хорижий нашрлар вездеход ҳақида маълумот бериб ўтишди, автомобиллар ҳақидаги Jalopnik блоги эса уни "дунёдаги энг яхши вездеход" деб атади.
2015 йилда яратилиши бошланган вездеход ўта паст босимли камерасиз шиналар ва ғилдиракларга дам беришнинг махсус тизими, фрикционлар бурилиши механизми ва юқори ишончликдаги диск тормози билан жиҳозланган.
"Шерп"нинг бош афзаллиги унинг "пневмоциркуляцион" подвескаси ҳисобланади. Барча шиналар ўзгартирилувчи кесимга эга ҳаво каналлари билан боғланган, уларни герметик ёпиш ҳолатигача бошқариш мумкин. Бунинг эвазига вездеход тўсиққа бир шина билан чиқаётганда босим барча ғилдираклар орасида бир текисда тақсимланади ва уларга кучлироқ деформацияланишга имкон беради.
"Бу вездеходсозликнинг янги йўналишидир. "Шерп" аъло даражада сузади, у учун исталган ботқоқлик тўсиқ бўла олмайди. Вездеход сувдан музликка аъло даражада чиқади, 70 сантиметргача баландликдаги тўсиқларни, хоҳ у тош бўлсин, хоҳ ағанаган дарахт бўлсин, бемалол кеча олади. Биз бу вездеходда ҳали одам оёғи етмаган жойларга бора олдик. Биз Тундра ва Тайганинг энг олис бурчакларига, Кольск тоғлари ва Югра ботқоқликларига бора олдик ва бу вездеходда ўтиб бўлмайдиган бирорта жойни топа олмадик", деб айтилмоқда компаниянинг расмий сайтида берилган модель таърифида.
Вездеход Kubota фирмасининг 1,5 литрли, 44 от кучи берувчи двигатели ҳамда Sachs фирмасининг 5 поғонали механик узатмалар қутиси билан жиҳозланган. Вездеходнинг қуруқликда максимал тезлиги 45 км/соатни, сувдаги тезлиги 6 км/соатни ташкил қилади. Ёқилғи сарфи соатига 2-3 литрни ташкил қилади. "Шерп" клиренси (машина тубидан йўл қопламасигача бўлган масофа) 600 мм ни ташкил қилади. Икки ўриндиқли вездеход 1 тоннагача юк кўтара олади, ўзининг оғирлиги эса 1300 кг ни ташкил қилади.
Машинанинг стандарт жиҳозланишига тент, галоген фаралар, 58 литрлик ёқилғи баки, хавфсизлик камарлари ва ёйлари, кузовдан сувни оқизиб юбориш учун штуцерлар ва қўл тормози киради. "Шерп"нинг топ версияси 4 млн 100 минг рублга баҳоланган. Унинг жиҳозланишига амортизаторли, юқорига очилувчи эшикка эга иссиқ, герметикланган кузов ва юмшоқ мебелга эга трансформацияланувчи салон киради.
Қўшимча жиҳозлар сифатида 90 ваттлик диодли фаралар, 60 амперлик генератор, автоном иситгич, тиркама ва ғилдиракларга жойлаштирувчи қўшимча ёқилғи баклари (ҳар бири 50 литрдан) таклиф қилинади.