Жамият | 13:29 / 14.02.2016
14568
3 дақиқада ўқилади

"Мажнун" фильми режиссёри: Мухлислар кинога фақат актёрларнинг чиройли қошу кўзи учун тушишмайди

Сўнгги кунларда ОАВда ва ижтимоий тармоқларда Жаҳонгир Аҳмедов режиссёрлигидаги "Мажнун" фильми атрофида турли шов-шувлар кенг тарқалди.

Аввалига фильмда бош қаҳрамонни ижро этган таниқли актёр Улуғбек Қодиров суратга олиш ишларида ўзи кутилмаган қийин синовлардан ўтишига тўғри келгани ҳақида норозилик билан баён қилган ва бу ҳақда батафсил маълумот сўралганида, режиссёрга мурожаат қилишни тавсия этганди.

"Мажнун"— бу сўнгги ролимга айланиши мумкин эди", дея ёзганди актёр ўз инстаграмида.

Шунингдек, у ўзининг фильм премьерасига бориши ҳам сўроқ остида эканини қўшимча қилганди.

Режиссёр эса шу ва бошқа саволларга ўз инстаграмида ҳам батафсил жавоб қайтарган.

"Аввалига хурсанд бўлгандим. Нима бўлганда ҳам фильм ҳақида ёзишмоқда ва буни мухлислар ўқишмоқда деб. Лекин воқеалар ривожи кескинлашиб кетди. @Kun.uz мендан изоҳ сўради, мен шу ерда жавоб бераман".

У Улуғбек Қодировнинг норозиликларига "Мажнун" фильмини суратга олиш вақтида у ҳақиқий бўрилар билан юзма-юз келгани сабаб бўлиши мумкинлигини айтган.

"Агар гап ҳақиқий бўрилар ҳақида бўлса, тан оламан шундай бўлди. Тан оламан, улар билан ишлаш жуда хавфли бўлди. Бутун ижодий гуруҳ мана шундай шароитда ишлади. Ахир мухлислар учун шундай қилиш керак. Улар ҳаётий ва сифатли фильм кўришлари керак. Буни қанчалик уддаладик, албатта томошабин ҳал қилади", дейди у.

У Улуғбек Қодировнинг премьерага келмаслиги мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб қайтарган.

"Улуғбекнинг бу фильм яратилишида кўп меҳнати сингди. Фильмнинг суратга олиш ишлари жараёнида 1 ойни Жиззах тоғларида ўтказдик. Улуғбек фильм тайёрланиши учун талаб қилинган барча ишларни сидқидилдан бажарди, 1 ҳафта от минишни ўрганди. Жараёнда у ўз маҳоратини яна бир бор намоён этди.

Келишмовчиликларни эса у билан алоҳида гаплашиб, ҳал қилиб оламиз. Лекин, у албатта премьерага келса керак", дейди режиссёр.

Шунингдек, таҳририят режиссёр билан телефон орқали боғланди.

У бугунги кунда барча соҳада тўхтовсиз ривожланишлар кетаётгани борасида тўхталиб, ўзбек киносида ҳам актёрларнинг суратга олиш жараёнида жонли ва хавфли саҳналарда каскадёрларсиз, ўз маҳоратини кўрсатган ҳолда иштирок эта бошлаши даври келганига урғу қаратди.

У ўзининг ўзгача руҳда ва шаклда ишланган янги фильми ҳақида муносабат билдириб, қуйидагича изоҳ беради.

"Ахир қачонгача мухлислар кинога фақат актёрларнинг чиройли қошу кўзини кўриш ёки чиройли овозларини эшитиш учун тушишади. "Мажнун" фильмида мухлисларга ўзбек киносининг янги қирраларини кўрсатиб беришга ҳаракат қилдик".