Жаҳон | 21:23 / 14.02.2016
9191
1 дақиқада ўқилади

Россия ўз ҳудудидан Украина юк машиналарининг ҳаракатини тақиқлаб қўйди

Россия ҳукумати Украинада рўйхатдан ўтган катта юк машиналарининг ўз ҳудудидан ҳаракатланишини тўхтатишга қарор қилди, деб хабар бермоқда Россия транспорт вазирлиги сайтида.

"Кўрсатилган чораларнинг амал қилиши Украина томонидан Россия юк автотранспорт воситаларининг Украина ҳудудида ноқонуний тақиқланиши билан боғлиқ вазият тартибга солинмагунча сақланиб қолади", дейилмоқда хабарда.

Украинада баъзи "шахслар гуруҳи" 11 февралдан Украина орқали ўтувчи Россия юк машиналарининг ҳаракатланишини ноқонуний тўхтатаётганлари айтилмоқда. Россия транспорт вазирлигида Украина юк машиналарининг Россия ҳудуди бўйлаб ҳаракатланишини тақиқлаш жавоб чораси эканлиги айтилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, Украинанинг турли ҳудудларида Россиянинг 100 дан кўпроқ юк машинаси тўхтатиб қўйилган, 500 дан кўпроқ юк машинаси Россияга қайтаётганда Европа Иттифоқидан Украинага кира олмаяпти. Ўз навбатида, Россия 11 февралдан 12 февралгача Украинанинг мингдан кўпроқ юк машиналарининг ўз ҳудудига кириш-чиқишини таъминлаган.