Иқтисодиёт | 19:45 / 17.02.2016
6270
2 дақиқада ўқилади

Forbes: Россия ва Саудия Арабистонининг нефть келишуви – беҳуда иш

ОПЕКга аъзо давлатлар ва Россия томонидан 16 февралда қабул қилинган нефть қазиб олиш даражасини музлатиш ҳақидаги келишув қисқартириш ҳисобланмайди ва катта жиҳатдан беҳуда ишдир, деб ёзмоқда Forbes журнали.

Нашрнинг фикрича, бу келишув аслида ўзидан бирор муҳим нарсани намоён қилмайди. Хойнаҳой у ҳақиқатан ҳам навбатдаги нархларнинг "ёлғон" ўсишига олиб келади, бироқ бу нарх узоқ вақт сақланиб қолмайди. ОПЕК даромадларининг ўсиши ҳам вақтинчалик бўлади.

Саудия Арабистони нефть вазири Али ал-Наимий нефть қазиб олиш даражасини музлатиш ҳақидаги келишувни "умуман амалга оширса бўлишлигини" айтиб, бу келишувга бошқа давлатлар қўшилмагунча сезиларли ҳеч нарса ўзгармаслигини назарда тутди. Чунки бу келишувда фақатгина Саудия Арабистони, Россия, Венесуэла ва Қатар иштирок этмоқда.

Нашр шарҳловчиси Россия музлатишни қўллаб-қувватлаганининг муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Унинг фикрича, бундан ҳам муҳимроғи, ОПЕКда бугунги кунда энг юқори нефть қазиб олиш ҳажмига эга Ироқ ва нефть экспорт қилишни яна бошлаган Эроннинг иштирок этмаётганидир.

Нашрнинг таъкидлашича, келишувдан кейин сезиларли ўзгаришлар юз беришига ишончнинг йўқлигига қарамасдан, исталган ҳаракатни ижобий ҳолат сифатида қабул қилиш керак.