Жаҳон | 09:58 / 19.02.2016
10744
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Давлат департаменти Россия қирувчи самолётларини Эронга сотиши мумкинмаслигини айтди

Россия томонидан Эронга Су-30СМ қирувчи самолётларининг сотилиши БМТнинг бу давлатга қурол-аслаҳа етказиб бериш бўйича эмбаргосини бузади ва Хавфсизлик кенгашининг алоҳида рухсатини талаб қилади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Марк Тонер маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.

"БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2231 резолюцияси Эронга БМТнинг оддий қурол-аслаҳа рўйхатига киритилган оддий қурол-аслаҳанинг муайян тоифаларини ҳар бир муайян вазиятда олдиндан рухсатсиз сотишни тақиқлайди", деб айтди дипломат.

Тонер халқаро воситачилар "олтилиги" (АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Франция, Германия, Россия) бу чекловлар ҳақида ҳамда Су-30СМ жанговар самолёт сифатида таснифланишини билади. Шу сабабли самолётлар сотилиши ҳақида маълумот тасдиқланса, бу масала Россия ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг икки томонлама музокараларида кўтарилади.

17 февралда РИА “Новости” ахборот агентлиги Россиянинг ҳарбий-техник ҳамкорлиги федерал хизматидаги манбага иқтибос келтирган ҳолда Эронга кўп вазифали Су-30СМ самолётларининг етказиб берилиши бўйича шартнома 2016 йилнинг охиригача имзоланишини маълум қилганди. 16 февралда Сингапурда бўлиб ўтаётган Singapore Airshow 2016 авиасалонида Су-30СМ самолётининг янги эскпорт версияси Су-30СМЭ намойиш қилинганди.

10 февралда Россия мудофаа саноатидаги манба эронлик ҳарбийлар Иркутск авиазаводи "Иркут" томонидан ишлаб чиқариладиган Су-30МК га қизиқиш билдирганларини маълум қилганди. Манбанинг айтишича, Теҳрон бундай самолётдан тахминан 60 дона сотиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Су-30МКИ ўта манёврли кўп вазифали қирувчи самолёти дастлаб Ҳиндистон учун ишлаб чиқариган. Бу самолётдан Ҳиндистонга 1999 йилдан бери 200 донадан кўпроқ етказиб берилган. Шунингдек, самолёт Жазоирга (44 та) ва Малайзияга (18 та) етказиб берилган.