Головкин ва Уэйд иштирокида илк матбуот анжумани ўтказилди
Профессионал бокснинг ўрта вазн тоифасида IBF, IBO ҳамда WBA йўналишлари чемпиони қозоғистонлик Геннадий Головкин ўзининг навбатдаги ҳимоя жангини 23 апрель куни ўтказади. Унинг рақиби IBF йўналишида мажбурий даъвогар, ушбу ташкилот рейтингида иккинчи ўринни эгаллаб турган Доминик Уэйд бўлади.
Ушбу чемпионлик жанги АҚШнинг Калифорния штатидаги The Forum Byukdelt аренасида бўлиб ўтади. 18 февраль куни боксчилар иштирокида илк матбуот анжумани ташкил этилди. Айнан жанг ўтказилувчи Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда боксчилар жангга тайёргарлик юзасидан берилган саволларга жавоб қайтаришди.
Дастлаб саволларга Қозоғистон вакили жавоб қайтарган.
"Ҳозир мен ўзимни анча тетик ҳис қилмоқдаман. Янги йил, янги жанг бўлади. Мен боксдан ҳамиша завқ оламан. Бўлажак рақибим Доминик Уайдни ҳурмат қиламан. Сабаби, у шу пайтгача мағлубиятга учрамаган. Демак, у жиддий рақиб. Мен янгича ҳиссиётларни сезмоқдаман. Бу жангда ким ғалаба қозонишини олдиндан айтиб бўлмайди", дейди Головкин Fightnews.com сайтига берган интервьюсида.
Америкалик Доминик Уэйднинг фикрича, Головкиннинг имкониятларини юқори баҳоламаслигини билдириб ўтган.
"Мен уни жуда кучли деб ўйламайман. У ҳақда шундай тасаввур уйғотишган. Лекин у Супермен эмас. Мен унинг бокс услубидаги кучсиз жиҳатларни биламан. Уни жуда тезкор, деб ҳисобламайман. Бундай боксчиларни аввал ҳам учратганман", дейди Уэйд Boxingscene.com сайтига.
Уэйднинг қайд этишича, жанг олдидан GGG (Геннадий Геннадиевич Головкин) яққол фаворит ҳисобланаётгани ўзини ташвишга солмайди.
"Мен унга кўп эътибор бераётганим йўқ. Унинг устунлиги ҳақидаги гаплар менга янада кучли бўлишга ҳаракат қилишда ёрдам беради холос. Мен ундан кучлилигимни исботлайман ҳам", дейди боксчи.