Жамият | 17:37 / 20.02.2016
11592
3 дақиқада ўқилади

Британия ҳукумати 92 ёшли аёлни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди

Миграция ишлари бўйича Британия суди 92 ёшли Миртл Котиллни мамлакатдан депортация қилишга қарор қабул қилди. Бу ҳақда The Daily Mail нашри хабар қилган.

У ЖАРдан Қироллик фуқароси бўлган қизиникида қолиш мақсадида келган эди.

Суд ёши улуғ бу аёлни қўллаб-қувватлаш мақсадида ёзилган 55 минг имзоли онлайн-петицияга  ҳам эътибор қилмади.

Маълум бўлишича, 2014 йилда бева қолган аёл ЖАРда унга ёрдам берувчи ҳеч бир яқини қолмаганлиги сабабли Пул (Дорсет графлиги) шаҳрида яшовчи 66 ёшли Мэри Уиллсникига келади. Уиллс эса онасининг Буюк Британияда яшаш ҳуқуқини олиш учун ҳаракат қилади.

Суд қарори бўйича, бир кўзи кўриш қобилиятидан айрилган ва юрак хасталигига чалинган кекса аёл мамлакатни келгуси ҳафтада (аниқ муддат киритилмаган) тарк этиши керак. Унга минг фунт миқдорида йўл ҳақи ажратилади. Миграция хизмати аёлга ЖАРга етиб боргач, ёрдам учун Қизил Хоч жамиятига мурожаат этишини маслаҳат берган.

Котилл хонимнинг адвокати Уиллс ва унинг турмуш ўртоғи ҳам ЖАРга бора олмаслигини таъкидлаб ўтди. Чунки улар ЖАРда яшаш ҳуқуқига эга эмаслар. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, кекса аёл давлатдан 300 фунт маиқдорида нафақа олаётгани сабаб, ЖАРнинг хайрия ташкилотларига ҳам мурожаат эта олмайди. Котилл моддий қарамликка муҳтож бўлса-да, ўз қизи ёнида қолиш учун давлатдан ҳеч қандай тўлов талаб қилмади.

“Мен кетишни истамайман, у ерда менинг ҳеч кимим йўқ, йўлга чиқишга эса кучим йўқ. Мен жуда ҳам хафаман. Кексайиб қолганман, умрим сўнгги қисмини қизим ёнида ўтказишни истайман”, дейди Котилл хоним.

Уилсс узоқ йўл онасининг ҳаётига хавф солишидан хавотирда эканини билдириб ўтган.

“Депортация қарори ҳеч бир инсоний қадриятларига тўғри келмайди”, дейди Котиллга миграцион ишлари бўйича ёрдам берган маслаҳатчи Жеймс Дейвис.