Фан-техника | 00:03 / 22.02.2016
17919
2 дақиқада ўқилади

Samsung компанияси Galaxy S7 ва S7 Edge смартфонларини намойиш қилди

Samsung компанияси Galaxy S7 ва S7 Edge смартфонларининг тақдимотини ўтказди. 5,1 дюймли Galaxy S7 смартфони дизайни аввалги моделдан унча фарқланмайди: фақатгина бармоқлар излари датчиги орқа камера бўртиғи каби япасқироқ ишланган. Galaxy S7 Edge смартфони iPhone 6s Plus каби 5,5 дюймли экран олган ҳамда орқа қопқоқ бурчаклари думалоқланган. The Verge нашри муаллифларининг айтишича, смартфонни қўлда ушлаш қулайроқ бўлган.

Иккала смартфон ҳам IP68 стандарти бўйича ҳимояланган, яъни уларни 1,5 метр чуқурликда ярим соат ушлаб туриш мумкин. Портлар герметик ишланган ва ташқи қопқоқларга эга эмас; S7 ва S7 Edge қувватланиш учун MicroUSB портидан фойдаланади.

S7 Edge’дан бир бармоқ билан фойдаланиш қулайроқ бўлиши учун Samsung ўзининг дастурий қобиғига ўнг томондан свайп (бармоқни экран бўйича ҳаракатлантириш) билан чиқадиган ён меню қўшди. Бундан ташқари, экран Always-On Display технологияси бўйича ишлайди: унда блокдан чиқариш заруратисиз ҳамиша тасвирланиб турадиган соат, тақвим ёки бошқа дастурни ёқиш мумкин.