Жаҳон | 07:08 / 23.02.2016
18231
2 дақиқада ўқилади

Обама АҚШга таҳдид қилувчи учта бош хавфни айтди

Террорчилик, хакерлар ва алоҳида давлатлар томонидан киберҳужумлар, Зика вируси каби вирусларнинг тарқалиши АҚШ фуқаролари учун раҳна солаётган бош хавфлар ҳисобланади. Бу ҳақда АҚШ президенти Барак Обама Оқ уйда губернаторлар миллий уюшмаси аъзолари олдидаги нутқида айтиб ўтди.

"Бугун биз айниқса учта хавфга катта эътибор қаратганмиз. Булардан биринчиси ва энг жиддийси – террорчилик", деб айтди Обама ва охирги вақтда АҚШда юз берган терактлар, жумладан Сан-Бернардинодаги отишмани, шунингдек, яқинда Мичиганда Uber онлайн-такси хизмати ҳайдовчиси 6 кишини отиб ташлагани ва 2 кишини яралаганини эслатиб ўтди.

Обаманинг айтишича, федерал идоралар АҚШ ҳудудига террорчилар ўтмаслиги мақсадида бошқа давлатлар билан бирга ҳамкорлик қилмоқда. "Биз огоҳ бўлишимиз керак", деб қўшимча қилди Обама.

Шунингдек, Обама хакерлар ва баъзи давлатлар томонидан АҚШдаги компаниялар, ҳарбийлар, ҳукумат ва давлат муассасаларига киберҳужумларнинг катта хавфга эга эканлигини айтиб ўтди. Обама бундан АҚШ инфратузилмаси билан бир қаторда америкаликлар ҳам жабр кўриши мумкинлигини айтди.

"Ва ниҳоят биз касалликларнинг тарқалиши борасида огоҳ бўлишимиз керак", деб айтди Обама ва Зика вирусининг тарқалишини эслаб ўтди ҳамда "бу касалликка қарши барча воситалар билан курашилишини" таъкидлаб ўтди.